Ашаддий, қотил президент!..
Дунёни қонга белаган империалист жамият ўз манфаатига тўғри келмаган ҳар қандай мамлакат етакчисини “диктатор” деган тамға билан ағдариб ташлаш одатига яна бир мисол қўшди. Бу сафар эса Уганда собиқ давлат раҳбари, марҳум Иди Аминни “одамхўр” деб туҳмат қилиб, ҳокимиятдан четлатишди.
Қуйида Иди Амин ҳақида бир хотира келтирилади.
Маккаи Мукаррамадаги Уммул-Қуро университети битирувчиси, ҳозирда Австралияда истиқомат қилаётган маърифатпарвар устоз Аҳмад Бозлар ҳикоя қилади:
1980-йилларнинг бошлари эди. Жиддада катта бир меҳмонхонада Туркияни танитиш ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирлардан бирига қатнашдик.
Биз билан бирга ишлаган, динга эътиқоди бўлмаган бир турк муҳандис ҳам бор эди.
У менга: — Устоз, анави одам Иди Амин эмасми? — деб сўради.
У томонга қараб: — Ўхшайди, лекин аниқ билмайман, — дедим.
Муҳандиснинг қаттиқ туриб олиши билан унинг столига бордик. Дўстим: — Сиз Иди Аминмисиз? — деб сўради.
У эса: — Агар бир турк қаҳваси буюртма қилмасангиз, гаплашмайман, — деди.
Шу заҳоти муҳит илиқлашиб кетди. Ёнига ўтирдик. Ана шу пайт муҳандис “бомба”ни портлатди: — Сиз юртингизда нима учун одам қони ичар эдингиз? — деди.
Иди Амин жуда хотиржам ҳолда: — У ерда турк қаҳваси йўқ эди-да, шунинг учун, — деб жавоб берди.
Муҳандис кибр билан кулиб юборди. Иди Амин уни елкасидан қўли билан босиб, ўриндиққа ўтқазди ва сўради: — Сиз турклар 1974 йил Кипрда болаларни, қари аёлларни бульдозерлар билан чуқур қазиб, тириклайин кўмиб юборганингиз нима учун эди?
Муҳандис ғазаб билан: — Йўқ, биз бундай иш қилмаганмиз. Уни румлар қилган, — деди.
Шунда шердек қоматли Иди Амин гўёки курашчидай гулдираб: — Сен менга “одам қони ичар эдинг” дединг. Бу инсонга қилинадиган энг оғир ҳақорат. Менинг жаҳлим чиқмади. Энди сенга нима бўлди? — деди ва қаттиқ нигоҳ билан муҳандисга узоқ вақт қараб турди.
Сўнг давом этди: — Болам, менинг мамлакатим қушлар жаннати. Мен халқим билан доим елкадош яшаганман. Мени зиёратга келганлар қуш гўшти ёки тирик қуш олиб келишарди. Қабул қилган ягона ҳадям шу эди.
Ўша қаттиқ овоз ва нигоҳ билан: — Мен ўша қушларнинг ҳам қонини ичмаганман, — деди.
Кутилмаганда мулойимлашиб давом этди: — Мен ҳокимиятга келгунимча Угандада мусулмонлар қул ва хизматкор эди. Давлат ишларига қабул қилинмасди.
Мен уларнинг давлат идораларидаги улушини 80 фоизга етказдим. Англия ва Ғарб бунга ҳеч қачон кўника олмади. Доимо стол ортида ўтириб, менга қарши ёлғон хабарлар тарқатишди.
Билиб қўйинг, менинг мамлакатимдан чиққан ҳар қандай хабар аввал Лондонга борар, у ерда “шакллантирилар”, кейин сизга етказиларди.
Сизга оид хабарлар эса аввал Исроилга, кейин Швейцарияга борар, у ерда исталган кўринишга солиниб, кейин бизга етказиларди. Ва бу ҳозир ҳам шундай, — деди.
Сўнг: — Қани, яна бир турк қаҳваси, — деб сукут сақлади.
Биз ундан узр сўрадик…
Rashidxon Akram .

