Нима бўлди “Эшон”, бу ёғи ўхшамай қолдими?!
Наманган шаҳрида фуқароларга босим ўтказиб, товламачилик ва безорлик билан шуғулланиб келган, “Эшон” лақаби билан танилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Тергов жараёнида аниқланишича, ушланган шахс — 28 ёшли Баҳриддин Насриддинов муқаддам бир неча маротаба жиноий жавобгарликка тортилган. У Жиноят кодексининг 277-моддаси 1 ва 2-қисмлари, 168-моддаси 4-қисми ҳамда 228-моддаси 3-қисми билан судланган.
Шунга қарамай, у жиноят содир этишга мойил шахсларни атрофига тўплаб, улар билан тил бириктирган ҳолда Наманган шаҳри ҳудудида товламачилик ва кўча безорилиги билан шуғулланиб келган. Маълум қилинишича, гумонланувчи фуқаролар ўртасидаги пул олди-берди билан боғлиқ масалаларни зўравонлик орқали “ҳал қилиб бериш”ни ваъда қилиб, шу йўл билан ноқонуний даромад орттирган.
Тергов материалларига кўра, у жиноий шериклари билан бирга Наманган шаҳрида яшовчи таниш фуқарони “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудига чақирган. У ерда жабрланувчи “кўча қоидаларига амал қилмаётгани” ва чақирувларга жавоб бермаётгани баҳона қилиб айбланган. Шундан сўнг фуқарога ўткир кесувчи жисм билан зарба бериб, тан жароҳати етказган.
.Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
