Лотерея можароси: 130 минг доллар ютқазган фуқаро даъво қўзғатди

Лотерея можароси: 130 минг доллар ютқазган фуқаро даъво қўзғатди

Хитойнинг Хефей шаҳрида яшовчи эркак лотереяда ютқазган 130 минг долларини суд орқали қайтариб олишга уринди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар бермоқда.

 

Маълум бўлишича, у сентябрь ойида савдо агенти орқали кўп миқдорда лотерея чиптасини харид қилган.

Суд маълумотларига кўра, Хе ижтимоий тармоқ иловаси орқали чипталарни танлаб, кўрсатмалар юборган, сўнгра пулни савдо агентининг ҳисоб рақамига ўтказган. Агент чипталарни расмий савдо шохобчасидан сотиб олиб, уларни суратга олган ва мижозга юборган.

Савдо агентининг таъкидлашича, у харидорни кўп маблағ сарфлаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган ва ёзма хабарнома юборган. Мижоз огоҳлантириш олганини тасдиқлаган. Бироқ фуқаро ютуққа эриша олмагач, савдо агентининг ва лотерея бошқарув марказини судга берган. Даъвогарнинг таъкидлашича, чипталарни тарғиб қилиш ва сотиш усуллари, шунингдек, уларни тўлаш тартиби ва натижаларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиш гўёки қонунбузарлик ҳисобланади. Унинг фикрича, олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиши, тўланган 130 минг доллар эса фоизлари билан қайтарилиши зарур.

Судга тақдим этилган далилларда чипта сотиб олишга мажбурланмагани тасдиқланган. Шунингдек, суд даъвони рад этиб, даъвогар вояга етганини ва лотерея ютуғи кафолатланмаганини билдирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: