Бухорода одамни оёғидан осиб видео олганлар жазоланди

Бухорода одамни оёғидан осиб видео олганлар жазоланди

Бухоро вилояти Пешку туманида фуқаронинг оёғидан осиб қўйилгани акс этган видео тасвирларни суратга олган шахсларга нисбатан жазо чораси қўлланилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Аниқланишича, мазкур видео Инстаграм ижтимоий тармоғидаги канал эгаси ҳамда умумий овқатланиш шохобчаси эгалари томонидан олдиндан келишилган ҳолда, мижозларни жалб қилиш ва ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш мақсадида саҳналаштирилган. Тасвирларда фуқаро оёғидан осиб қўйилгани, қассоб ролини бажарган шахс эса унинг атрофида пичоқ чархлаётгани акс этган.

Шунингдек, видео давомида инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, ахлоқий меъёрларга зид иборалар ишлатилгани аниқланган. Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги қонунчилик талаблари ҳамда жамиятда юриш-туриш қоидалари қўпол равишда бузилгани қайд этилган.

Тўпланган ҳужжатлар Пешку туман суди томонидан кўриб чиқилган. Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-1-моддаси (“Реклама тўғрисида”ги қонунчиликни бузиш) билан айбли деб топилиб, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баробари — 2 миллион 824 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: