Энг расвоси аслида шу!..
Энг ўткинчи нарса амал — мансаб. Соҳибига ё яхши ном, ё…
«Прописка» масаласи оғир. Давлат олимларга рухсат берган. Лекин аввалги раҳбар, кейин ундан кейингиси аризамга қўл қўймади. Кўплар «пропискали» бўлди, мен қоп кетдим. Худога солдим. Фан номзоди эдим. Ишлагани чет элга кетдим.
Қайтдим. Яна «прописка» масаласи. Бу сафар учинчи раҳбар олдига кирдим. Аризамга қўл қўйди. Ўзимиздан юқоридагига олиб борди.
«Прописка»си йўқлиги учун уй сотиб ололмаяпти экан, шунга керак экан «прописка»…»
«Уйи йўқларни бошингга урасанми, йўқот унақаларни!» деган жавоб бўлибди раҳбар устидаги раҳбардан.
Докторлик ишим устида ишлардим. Оғринмадим. Чунки шароит шундай эди. Дардимни Худога айтдим. Яна кетдим.
«Прописка»ли ҳам бўлдим. Анави раҳбарларнинг ҳаммаси амалидан кетди. Бошидан кўп савдолар ўтди, улар ҳақида ёқимсиз хотиралар қолди.
Бир куни «Корзинка»га кирдим. Бир вақтлар «…йўқот унақаларни!» деган раҳбарларнинг раҳбарини кўриб қолдим. Ғалати бўлдим.
Шунга ўхшаш ишлар яна бошимизда айланяпти. Бу сафар масала жиддийроқ. Бугун амал соҳиблари бир нарсаларни режа қилишяпти. Аввалгилари нима бўлди, булари нима бўларди?
Қалбга хотиржамлик берадигани шуки, дардимизни эшитгувчи Зот бор. Унинг Ўзига ҳавола қилиб қўямиз.
«Ҳасбуналлоҳу ниъмал вакил!»
Бахтиёр Абдуғафуров
