Ўлимимни қариндошларимга айтма!..

Ўлимимни қариндошларимга айтма!..

Тўрт нафар эркак жазирама иссиқда шаҳарда бир жанозани кўтариб кетишар эди. Уларга Ҳасан Басрий дуч келди ва: «Аллоҳга қасам, мен бешинчиси бўламан», деди.

Улардан: — Нега тўрт кишисизлар? — деб сўради.

Улар: — Бир кекса аёл бизларни пулга ёллаб ўғлини ювиб, кафанлаб, кўмиб бериш учун пул берди, — дейишди.

Ҳасан Басрий ичида: «Субҳаналлоҳ, дафнга пулга ёллаганми?» — деб ҳайрон бўлди.

Дафндан кейин у кекса аёлга юзланди. Аёл тиз чўкиб, қаттиқ йиғлар эди: «Эй Аллоҳим, Сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Бу менинг осий, қалби қаттиқ ўғлим эди. Кўп марта Сенга осийлик қилди. Илтимос, уни кечир, раҳм қил», дер эди.

Бир оздан кейин аёлнинг юзида табассум пайдо бўлди ва у кетиб қолди. Ҳасан Басрий ҳайрон бўлиб, унинг ортидан югурди: — Илтимос, айтиб беринг, бу жанозадаги ким эди? — деди.

Аёл: — Менга етган мусибат билан нима ишинг бор, мени тинч қўй! — деди.

Ҳасан Басрий: — Мен Ҳасан Басрийман, — деди.

Шунда аёл: — Агар олим бўлмаганингизда айтмас эдим, — деди ва сўз бошлади:

— Бу менинг осий, қалби қаттиқ ўғлим эди. Одамлар уни Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳамма ишни қилган деб билар эди. Лекин билмас эдиларки, у тавба қилган эди.

— Мен ҳар кеча йиғлаб: «Эй Роббим, Сендан бошқа кимим бор? Ўғлимни ҳидоят қил», — деб дуо қилардим.

— Аллоҳ дуоимни қабул қилди. Ўғлим касал бўлиб ётиб қолди ва чин тавба қилди. Ўлими яқинлашганда менга: «Онажон, ўлсам, бошимни ерга қўй, юзимга оёғингни босиб: “Бу Аллоҳга осий бўлганнинг жазоси”, деб айт», деди.

— Шуни ҳам илтимос қилди: «Ўлимимни қариндошларимга айтма, чунки улар мен учун раҳмат тиламайди. Тўрт кишини ёллаб, мени ювдир, кафанлат, кўмдир».

— Яна: «Қабрим бошида бир соат тур, Аллоҳ сенга мен ҳақимда бир аломат кўрсатмагунча кетма», деди.

— Мен қабри олдида туриб дуо қилдим. Шунда қасамки, қабр ичидан ўғлимнинг овозини эшитдим: «Онажон, кетавер. Мен Роббимни топдим — У энг карамли Зот экан», деди.

Умидахоним

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: