Футбол. “Реал”да сенсацион мағлубият, АПЛ чемпионлиги учун яқинлашган Ҳусанов жамоаси, Роналдудан дубл (Кеча бўлиб ўтган матчлар тўлиқ шарҳи)
Испания чемпионатининг 25-турида «Реал» сафарда «Осасуна»га қарши майдонга тушди.
Дастлаб 39-дақиқада Будимир пеналтидан мадридликлар дарвозасини ишғол этди. 83-дақиқада Валверденинг узатмасидан сўнг Винисиус ҳисобни тенглаштирди. 90+1-дақиқада Раул Гарсия мезбонлар сафида ғалаба голига муаллифлик қилди.
Алваро Арбелоа жамоаси 60 очко билан 1-ўринда бормоқда. Агарда 22 феврал куни «Барселона» уйда «Леванте»ни енгса, турнир жадвалида Мадрид клубини ортда қолдиради. «Осасуна» эса 33 очко билан 9-поғонада.
Ла Лига. 25-тур
Осасуна – Реал 2:1
Италия чемпионати 26-турида «Интер» сафарда «Лечче» билан куч синашди.
Беллашув 2:0 ҳисобида миланликларнинг ғалабаси билан якунига етди. Дастлаб 75-дақиқада Мхитарян ҳисобни очди. 82-дақиқада Аканжи эса иккинчи голга муаллифлик қилди.
Натижада Киву жамоаси очколари сонини 64 тага етказиб, пешқадамликни мустаҳкамлади. 24 очкоси бор «Лечче» 17-поғонада.
А Серия. 26-тур
Лечче – Интер 0:2
Германия чемпионатининг 23-турида «Боруссия Д» сафарда «Лейпциг» билан жанговар дуранг қайд этди.
Биринчи бўлимда Баумгартнер дублга эришиб, «буқалар»нинг устунлигини таъминлади. Танаффусдан кейин Ромуло автоголи билан фарқни биттага қисқартирди. 90+5-дақиқада Силва гол уриб, «асаларилар»ни мағлубиятдан сақлаб қолди.
Ковач жамоаси 52 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Лейпциг» 41 очко тўплаб, 5-поғонада.
Бундеслига. 23-тур
Лейпциг — Боруссия Д — 2:2
Саудия чемпионатининг 23-туридан ўрин олган икки баҳс якунига етди.
«Ан Наср» (55, 1-ўрин) ўз майдонида «Ал Ҳазм»ни (24, 12-ўрин) тор-мор этди. Роналду дублга эришиб, фаолиятидаги умумий голлари сонини 964 тага етказди.
Турнинг марказий баҳсида «Ал Ҳилол» (54, 2-ўрин) уйда «Ал Иттиҳод»ни (38, 6-ўрин) билан дуранг қайд этди. Жидда клуби баҳсни бир киши кам ҳолда якунлади.
Саудия Пролигаси. 23-тур
Ан Наср – Ал Ҳазм 4:0
Англия Премер-лигаси 27-турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Нюкасл»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Шаҳарликлар» сафида О’Райли дублга эришди. Меҳмонларнинг ягона голи Ҳолл ҳисобига ёзилди.
Гвардиола жамоаси очколари сонини 56 тага етказиб, пешқадам «Арсенал» билан фарқни қисқартирди. «Қарғалар» 36 очко билан 10-поғонада.
Бу баҳсда Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов иккинчи бўлим бошида Рубен Диашнинг ўрнига майдонга тушди.
Sofascore портали ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини 7,0 балл билан баҳолади. Бу «шаҳарликлар» ҳимоя чизиғида ҳаракат қилган футболчилар ичидаги энг яхши иккинчи кўрсаткич ҳисобланади.
Манчестердаги баҳсда дублга эришган Нико O’Райли ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди — 8,7 балл. Родри эса 8,6 балл билан ўйиннинг энг яхши иккинчи футболчиси бўлди.
Маълумот учун, «Сити» ғалабадан сўнг пешқадам «Арсенал»дан икки очкога ортда қолмоқда.
АПЛ. 27-тур
Манчестер Сити – Нюкасл 2:1
Франция чемпионатининг 23-турида «ПСЖ» клуби Парижда аутсайдер «Мец»ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Луис Энрике жамоаси сафида голлар Дуэ, Барколя ва Рамуш ҳисобига ёзилди.
Бу ғалабадан сўнг «ПСЖ» 54 очко билан турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олди. «Мец» эса 13 очко тўплаб, сўнгги ўринни эгаллаган.
Франция чемпионати. 23-тур
ПСЖ – Мец 3:0
Испания чемпионатининг 25-турида «Атлетико» клуби Мадридда «Эспанёл»ни қабул қилди.
Голларга бой кечган беллашувда мезбонлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Сёрлот дублга эришган бўлса, Симеоне ва Лукман ҳам «матрасчилар» сафида гол урди.
Диего Симеоне жамоаси 48 очко билан 4-ўринда бормоқда. «Эспанёл» эса 35 очко тўплаб, 6-ўринда.
Ла Лига. 25-тур
Атлетико – Эспанёл 4:2
