Мен эса бу ерда, лаънати тобут ичида ўлаяпман. Мени мен севганлар ўлдиришаяпди!..

Мен эса бу ерда, лаънати тобут ичида ўлаяпман. Мени мен севганлар ўлдиришаяпди!..

Шахсий сабаблар туфайли бир пайтлар чуқур депрессияга тушиб қолдим, вазним 75 килограммга етди, бутун кунни бир пижамада ўтказар, икки-уч кунлаб ювинмасдим. Ҳатто тишларимни ҳам тозаламасдим, кейин эса яшагим ҳам келмай қўйди. Бу мен эдим…
Бу ҳолатни билган япониялик дугонам мени бир клиникага олиб борди. У ерда шундай бир қизиқарли муолажа бор эканки, ундан кейин инсон гўё қайта туғилгандек ҳаёти ўзгариб кетар эмиш.
У мени олиб кетишга келди, мен эса ўша пижамамда, уй шиппагимда у билан кетдим. Шаҳар марказига шу аҳволда бордим. Сочим тепамга йиғилган. Японияда умуман сенга эътибор беришмайди. Ҳатто яланғоч юрсанг ҳам. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ. Ҳар ким ўз хаёллари билан банд. Улар транспортда ёки кўчада одамларни томоша қилиб ўтириш одатига эга эмас. Одамлар шунчалик эркин.
Бориб ҳужжатларни тўлдирдик ва…
Хуллас, ичкарига кирсам, хона ўртасида тобут турибди. Шифокор бир неча савол берди, менга «ўлим маҳкуми» учун безакли либос беришди, алмаштириб кийдим. «Ётинг ва ўликлар ўзини қандай ҳис қилса, шуни ҳис қилинг. Чиқмоқчи бўлсангиз, мана тугма, босинг — чиқарамиз», дейишди.
Мен ётдим…
Ичида ғалати ҳид бор эди. Юмшоқ атлас. Ёрқин ранг. Тобут периметри бўйлаб майда мунчоқлар. Ётиб, ичига қараб чиқяпман. Ичкаридан мотам мусиқаси эшитиларди. Хонадан чиққан хира ёруғлик тирқишлардан кўриниб турарди…
Бир пайт худди мени кўтариб чиқишгандай, машинага ортилгандай туюлди. Мен тугмани боса бошладим. Тугма узилиб кетди. Уларни чақириб бақира бошладим: мен бунинг учун пул тўламаганман! Умуман, ақлдан озишдими?! Ҳеч ким эътибор бермайди-я…
Ўн дақиқачалар юрдик. Нафасим қисила бошлади. Кейин «тушир!» деган буйруқни эшитдим. Мени арқонларда ерга туширишди. Тепамдан тупроқ тўкилаётганини, тобут устига гурсиллаб тушаётганини эшитдим. Овозлар борган сари бўғиқлашиб борди. Мен эса ваҳима ичида бор овозим билан бақира бошладим. Ўз тилимда сўкиндим. Бошимда минг хил фикр: сектантларга тушиб қолдим, улар мени ўлдиряпти. Чет элликларни ёмон кўрадиган пасткашлар. Балки япониялик дугонам ҳам улар билан тил бириктиргандир. Мени ростдан ҳам кўмишаётган эди. Қассобхонага олиб кетилаётган чўчқадек чийиллаб, оёқларим билан тепина бошладим. Энг даҳшатлиси — нафасим бўғила бошлади. Йиғладим, бурним оқиб, кўз ёшларим қулоқларимгача оқиб тушди. Ваҳима ва қўрқувдан «ҳўллаб қўйдим». Ичкари торлигидан юзимни ҳам артолмадим. Қўлларим ёнбошимга туширилган ҳолда, тор тобут ичида ғўла каби ётардим. Ичкарини пешоб ҳиди тутди. «Худоё, мен ўлишни истамайман», деб ўйладим.
У ер жуда тор, дим эди. Нафас олиш қийинлашди. Бошим айлана бошлади. Совқотаётганимни ҳис қилдим. Ахир бутун тобутни ҳўл қилиб, ўз пешобимга ботиб ётардим. «Совуқ ер», деб ўйладим. Йиғлаганимга йигирма дақиқалар бўлди. Баъзи пайтлар ҳушимни йўқотаёзардим. Ҳолатим даҳшатли эди. Кўз олдимда ўтмиш манзаралари жонланди: қизимни туғиб, уни қўлимга олганим, унинг илк қадамлари, ҳар куни ўриб қўйядиганим кокиллари… Эй Худо, мен қизимни унутган эканман. Ўша сохта тушкунлигим сабаб…
Онажонимга қўнғироқ қилишни ҳам бутунлай бас қилганим ёдимга тушди. Ҳаёт нақадар гўзал эканини англадим. Ҳаёт мўъжиза экан. Мен эса бу ерда, лаънати тобут ичида ўлаяпман. Мени мен севган японияликлар ўлдиряпти. Қани энди…
Шу пайт кутилмаганда тобут қопқоғи очилди…
Қарасам, ўша хона. Тобут — ўлим илюзияси, ҳаммаси тўлиқ компьютерлаштирилган экан.
Яна ўн дақиқагача йиғладим. Аранг тинчидим. Уларни сўкиб ташладим. Дугонам эса кулиб турарди…
Улар менга «ўлимим» ёзилган видеони беришди. Тобут ичида камералар бор экан, ҳаммаси ёзиб олинган.
Шу муолажадан кейин вазним камайди, гўзаллашдим. Ҳаётни севиб қолдим ва «яшагим келмайди», «мен тушкунман», деган фикрлар бутунлай йўқолди. Энди у ерга қайтишни истамайман. Мен бу ерда ва ҳозир яшашни истайман.
Лорета Дукагжини
Сарвар Раҳимий таржимаси
Дўстларингизга ҳам юборинг: