Исроиллик дзюдочилар хавфсизлик сабаб Тошкентни тарк этди

Исроиллик дзюдочилар хавфсизлик сабаб Тошкентни тарк этди

Кеча, 1 март куни Исроил миллий дзюдо жамоаси хавфсизлик билан боғлиқ кўрсатма туфайли Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Катта Дубулға” турниридаги иштирокини тўхтатди ва мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда “The Jerusalim Post”  хабар берди.

Маълумотларга кўра, Исроилнинг Шин Бет хавфсизлик хизмати жамоага зудлик билан Ўзбекистонни тарк этиш бўйича кўрсатма берган. Қарор Эрон билан боғлиқ вазият жиддий тус олгандан сўнг қабул қилинган.

Делегация таркибида Олимпиада кумуш медали совриндори Раз Хершко ҳамда жамоанинг етакчи аъзоларидан бири Гили Шарир бор эди. Улар 2026 йилги мавсумнинг муҳим турнирларидан бири ҳисобланган “Катта Дубулға” мусобақасида иштирок этиш учун келган. Ушбу турнир спортчилар учун рейтинг очколари ва халқаро тажриба нуқтаи назаридан муҳим саналади.

Хавфсизлик кўрсатмасига биноан, жамоа аъзолари ва Исроил дзюдо ассоциацияси раиси Моше Понте мусобақани тарк этиб, Марказий Европага учиб кетган.

Қарор қабул қилинишидан олдин 11 нафар исроиллик дзюдочи баҳсларда қатнашган. Гили Шарир бронза медали учун курашга қадар етиб борган, бироқ ҳал қилувчи баҳсда франциялик Манон Декетерга мағлуб бўлган.

Турнирнинг сўнгги кунида татамига чиқиши режалаштирилган Раз Хершко эса хавфсизлик сабабли мусобақада иштирок этмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: