Эрон АҚШ ва Исроилнинг тирқишларини очиб ташлади!..

Эрон АҚШ ва Исроилнинг тирқишларини очиб ташлади!..

Эроннинг АҚШ ва Исроил зарбаларига қайтарган жавоби иттифоқчилар стратегиясидаги заиф жиҳатларни юзага чиқарди; Теҳрон анча пухта ўйланган ёндашувни намойиш этмоқда. Бу ҳақда 2 март куни британиялик журналист Мартин Жей «Strategic Culture» (SC) нашри учун ёзган мақоласида маълум қилди.

«Операция бошланганидан атиги 24 соат ўтиб, Эрон аниқ ҳарбий стратегияга эга ўйинчи сифатида гавдаланмоқда, [АҚШ президенти Дональд] Трамп стратегиясида эса тирқишлар пайдо бўла бошлади. Ваҳоланки, Теҳрон ҳали ўзининг асосий — нефть зарбасини бергани йўқ», — деб ёзади Жей.

Муаллифнинг таъкидлашича, Ислом Республикаси Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хаменеининг ҳалок бўлиши АҚШ учун мутлақ ғалаба бўлмади, чунки унинг вориси аллақачон бошқарув тизимига жалб қилинган эди.

Журналист Эрон АҚШнинг Баҳрайндаги ҳарбий-денгиз базаси ва кемасига зарба бериб, ўзининг баллистик ракета имкониятларини кўрсатганини қайд этди. Бундан ташқари, Теҳрон дунё нефть етказиб бериш ҳажмининг 20 фоизи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйди.

Муаллифнинг фикрича, агар Форс кўрфази давлатлари ҳужумларга қўшилса, Эрон уларнинг нефть инфратузилмасини бир неча соат ичида йўқ қилиши мумкин. Бу минтақа иқтисодиёти ва жаҳон нефть нархлари учун «ҳалокатли зарба» бўлади.

Аввалроқ Федерация Кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Джабаров «Известия» нашрига берган интервьюсида Эрон мураккаб рақиб эканини ва таслим бўлиш ниятида эмаслигини таъкидлаган эди. У шунингдек, Вашингтон ва Тель-Авив хатти-ҳаракатлари Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган халқаро хавфсизлик архитектурасини вайрон қилаётганини қайд этди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: