Эрондаги уруш амалда якунланди

Эрондаги уруш амалда якунланди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги ҳарбий амалиётлар кутилганидан тезроқ якунланишини маълум қилди. Дастлаб бир ой давом этиши тахмин қилинган «Эпик ғазаб» операцияси ҳақида гапирар экан, Оқ уй раҳбари вазиятни «амалда тугаган» деб баҳолади. Бу баёнот жаҳон бозорида нефть нархининг кескин пасайишига сабаб бўлди.

9 март куни CBS News телеканалига берган интервьюсида Трамп шундай деди: «Менимча, уруш деярли тугади. Уларда на флот, на алоқа тизими ва на ҳарбий ҳаво кучлари қолди». Шунга қарамай, у АҚШ ва Исроил ҳали «етарлича ғалаба қозонмаганини» қўшимча қилди.

Флоридадаги матбуот анжуманида Трамп уруш шу ҳафта ичида тўлиқ тўхташини тасдиқламади, бироқ бу «жуда тез орада» содир бўлишини ва асосий хавф уч кун аввал бартараф этилганини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Эроннинг ракета арсенали, дронлари ва уларни ишлаб чиқарувчи заводлари бутунлай ишдан чиқарилган.

Ормуз бўғози ва минтақавий кескинлик

Трампнинг таъкидлашича, бир неча кун олдин Теҳрон тўлиқ назорат ўрнатганини даъво қилган Ормуз бўғози айни дамда очиқ ва кемалар қатнови тикланган. Шу билан бирга, у АҚШ ушбу стратегик бўғозни ўз назоратига олиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди.

Ўз навбатида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Ормуз бўғози орқали эркин ўтишни истовчи араб ва Европа давлатларидан Исроил ҳамда АҚШ элчиларини чиқариб юборишни талаб қилмоқда.

Шунингдек, Дональд Трамп Эроннинг янги олий раҳбари этиб тайинланган Мужтабо Хомейнидан кўнгли тўлмаганини билдириб, уни «эски муаммоларнинг давоми» деб атади ва янги раҳбар Вашингтон розилигини олиши кераклигини, акс ҳолда «узоқ чидамаслигини» қўшимча қилди.

Нефть бозоридаги «қулаш»

Трампнинг баёнотларидан сўнг нефть нархида кескин пасайиш кузатилди:

• Brent маркали нефть нархи бир сутка аввалги 120 доллардан 89,20 долларгача тушди.

Нархларни янада пасайтириш мақсадида Трамп нефть билан боғлиқ айрим санкцияларни вақтинча бекор қилиш ниятида эканини айтди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводларига Россия нефтини сотиб олиш бўйича 30 кунлик имтиёз берган эди.

Флоридадаги чиқишидан олдин Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали «ижобий руҳда» суҳбатлашганини ҳам маълум қилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: