Meta ва Google 20 ёшли америкалик қизнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги учун айбланмоқда
Лос-Анжелесдаги суд Меtа ва Google компаниялари 20 ёшли америкалик қизнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги учун айбдор деб топилди. Компаниялар жабрланувчига 6 миллион доллар тўлашга мажбур бўлди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

20 ёшли Кейли Г.М.нинг таъкидлашича, у саккиз-тўққиз ёшида Instagram (Меtа ъга тегишли) ва YouTube’дан фойдалана бошлаган. Шу тариқа у тез-тез бўш вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлаган.
“Мен у ерда ҳар куни — эрталабдан, мактабдан кейин ва ярим тунда ҳам ўтирардим”, деган қиз Лос-Анжелесдаги судда.
Жабрланувчи ижтимоий тармоқлар туфайли ҳоббисидан воз кечгани, унда хавотир, депрессия шакллангани ва ўз танасини борича қабул қилмасликка дуч келганини айтган.
Суд жараёни давомида Меtа раҳбари Марк Цукерберг сўзга чиқиб, компания қарорларини, жумладан, ташқи кўринишни ўзгартирувчи филтрларни ҳимоя қилган. У платформа “потенциал зарарли контент ва ўзини ифода этиш эркинлиги ўртасидаги мувозанатни топишга” ҳаракат қилаётганини айтган. Instagram раҳбари Адам Моссери “ижтимоий тармоқларга қарамлик” эҳтимолини рад этган.
Якунида суд ҳайъати Кейлини қўллаб-қувватлаган ва компанияларни қизнинг руҳий саломатлигига зарар етказган платформа дизайнининг ўзига хос хусусиятлари учун жавобгар деб топган. Хусусан, фойдаланувчини узоқ вақт ушлаб турадиган “чексиз лента” каби функциялар тилга олинган.
Мазкур суд иши АҚШдаги минглаб шунга ўхшаш даъволардан судгача етиб борган биринчиси бўлди. Бу бошқа жараёнларнинг натижасига таъсир қилиши мумкин бўлган прецедент сифатида кўриб чиқилмоқда. Меtа қарорга рози эмаслигини ва унинг устидан шикоят қилиш ниятида эканини билдирди.
“Биз суд қароридан норозимиз ва апелляция шикояти киритишни режалаштирмоқдамиз. Бу даъво ижтимоий тармоқ эмас, балки масъулият билан яратилган стриминг платформаси бўлган YouTube моҳиятини нотўғри талқин қилади”, деди Google вакили Хосе Кастанеда.
