“Интер Майами”нинг янги стадионидаги трибунага Месси номини берди

“Интер Майами”нинг янги стадионидаги трибунага Месси номини берди

АҚШнинг “Интер Майами” футбол клуби янги стадионидаги трибуналаридан бири аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси шарафига номланишини маълум қилди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.

Клуби баёнотига кўра, 26 700 томошабинга мўлжалланган ва “Ну Стадиони” номи билан аталувчи янги арена 5 апрель куни илк ўйинга мезбонлик қилади. Ушбу стадионда “Лео Месси трибунаси” ҳам бўлади. “Бизнинг 10-рақамли ўйинчимиз ва жамоа сардори жаҳон спортидаги ноёб воқеанинг бир қисмига айланади: ўз уй стадионида мунтазам майдонга тушиб келаётган спортчининг номи трибунага берилади”, дейилади хабарда.
Месси “Интер Майами” сафида 2023 йилнинг ёзидан буён тўп суриб келмоқда. Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йил якунигача амал қилади. Месси “Интер Майами” тарихидаги энг яхши тўпурар ва ассистент ҳисобланади, унинг ҳисобида барча турнирлардаги 94 та ўйинда киритилган 82 та гол ва 44 та голли узатма бор. Америкадаги фаолияти давомида футболчи Шимолий Америка Лигаси Кубоги (2023), MLS мунтазам чемпионати (2024), MLS Шарқий конференцияси плей-офф босқичи (2025) ва MLS (2025) ғолибига айланди.
Месси 2003 йилдан 2021 йилгача “Барселона”да ўйнаган. Унинг таркибида ҳужумчи 10 марта Испания чемпиони бўлган, 8 марта Испания Суперкубогини, 7 марта мамлакат Кубогини қўлга киритган, 4 марта Чемпионлар Лигасида, 3 мартадан УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. Унга урилган голлар, голли узатмалар ва ўтказилган ўйинлар сони бўйича клуб рекордлари тегишли.
Месси Аргентина терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади, у миллий жамоа билан бирга Жаҳон чемпиони (2022), Финалиссима ғолиби (2022), Америка Кубоги (2021, 2024), Олимпиада ўйинлари (2008) ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати (2005) ғолибига айланган.
Аргентиналик футболчи рекорд даражадаги 8 марта “Олтин тўп” соҳиби бўлган. “Барселона”дан кетганидан сўнг у Франциянинг “ПСЖ” клуби шарафини ҳимоя қилган. Ҳужумчи тарихдаги энг кўп титулга эга футболчи ҳисобланади (48 та соврин).

Дўстларингизга ҳам юборинг: