Турмушга чиқмаслик учун Москвага қочган, “Ўзбекфильм” ҳовлисида яшаган, 50 дан ошганда инглиз тилини ўрганган дубльяж қироличаси — Мукамбар Раҳимова 85 ёшда

Турмушга чиқмаслик учун Москвага қочган, “Ўзбекфильм” ҳовлисида яшаган, 50 дан ошганда инглиз тилини ўрганган дубльяж қироличаси — Мукамбар Раҳимова 85 ёшда

Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек дубльяжи қироличаси дея таърифланадиган Мукамбар Раҳимова шу йилнинг 23 март санасида 85 ёшни қарши олди. Актрисанинг таваллуди муносабати билан унинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлаймиз.

Мукамбар Раҳимова 1941 йил 23 март куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Уч фарзанднинг ўртанчаси ва оилада ягона қиз бўлган Мукамбар Раҳимова 1964-йилда Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик, 1976-йилда эса режиссёрлик йўналишида таҳсил олган. 1964-йилдан “Ўзбекфилм” киностудиясида фаолиятини бошлаган.

Актрисанинг оиласи ҳақида

Мукамбар Раҳимова оиласида санъаткорлар бўлмагани, аммо шундай бўлса-да отаси санъатга ошно инсон бўлганини таъкидлайди. Актриса Онасини таърифлар экан, гарчи олий таълимни тугатмаган бўлса-да, тафаккури ўткир бўлганини айтади.

— Дадам ҳарбий бўлса ҳам, мусиқадан яхши хабардор бўлган. Дутор чертишни биларди. Яна кўпроқ санъаткорлар билан дўстлашган. Қолаверса, уйимиз ҳам “Ёш гвардия” (ҳозирги Ўзбекистон давлат драма театри) рўпарасида бўлган. Уйимиз театрга яқин бўлгани сабабли у ердаги актёрлар билан улфат эди. Санъаткорлар уйимизга тез-тез келиб туришарди. Оилада ягона қиз фарзанд бўлганим учун кичиклигимда эркатой ва қайсар бўлганман.

— Онам олий таълимда ўқимаган. Шундай бўлса ҳам математикадан жуда яхши бўлган— ҳисоб-китобни яхши биларди. Уруш вақтида уйимизда эвакуация қилинган яҳудий аёл ҳам турарди. Ўша пайтларда ҳар ким нима қилиб бўлса ҳам оилани боқиши керак эди. Онам савдо-сотиқ қилиб кўрган, бозорда ишлаган. Сўнг шу яҳудий аёл онамга музқаймоқ тайёрлаб сотишни ўргатган.Аввалига оз-оздан тайёрлаб кўрган. Атрофдагиларга бу ширинлик ёққан. Ҳалиги аёл онамга энди буни патентлаб олиб, сотишини ўргатган. Музқаймоқларни Ҳамза, Муқимий театрларининг буфетида сотишарди.

“Дубльяжга тасодифан келиб қолганман”

Актриса болалик йилларида санъатга қизиққанини ва мактабда ўтказилган тадбир ва танловларда фаол қатнашиб келгани ҳақида ҳикоя қилади. Ана шундай танловларнинг бирида у мутлақо янги йўналиш— дубльяж оламида кириб келади.

Дарсларимиз орасида ҳафтада бир марта хор дарси ҳам киритилган эди. Ўқитувчимиз келиб пианино чалиб турарди, бизлар бўлса ашулалар айтардик. Тадбирларда спектакллар саҳналаштирардик. Ўша пайтлари ўтказиладиган танловларда жон-жаҳдим билан қатнашадиган бўлдим. Ҳаттоки танлов учун костюмларни ҳам ўзим тикардим. Бир куни киностудиядан болаларни танлаб олгани келишди.

Болаларга қўшилиб мен ҳам танловга борганман.Ҳайъат аъзолари ўқувчиларни кузатишди. Мен танловдан ўтолмадим. Сўнг бир куни ўзим танлов ўтказилган жойга бормоқчи бўлганман. Билишимча, бу танлов Шайхонтоҳур туманидаги бир бойнинг уйида ўтказилган эди. Эски бинолар эди, болахоналари бор эди. Қаерга бораётганим эсимдан чиқиб, эски маҳаллани айланиб чиққанман. Айланиб юриб, бурчакдаги қизил эшиги қия очиқ турган қоронғи хонага кўзим тушди. Ним қоронғи хонада кино кетяпти.

Хона ичидан кимдир “Ким у?”, деб бақирди. Ичкарида дубльяж жараёни кетаётган экан ва бу пайтда эшикни очиш мумкин эмас экан. Хонада Бўри Ҳайдаров деган инсон ўтирган экан. У киши мендан эшикни ёпишимни тайинлади. Айтганини қилиб, эшикни секин ёпиб, орқадаги стуллардан бирига ўтирдим. Кузатиб нима бўлаётганига ҳеч тушунмадим.

Экранда кино қўйилган, бу ёқда микрофондан гапириб туришибди. Овозлаштириш тугаганидан сўнг Бўри ака ёнига чақириб, бу ерда нима қилаётганим ҳақида сўради. Шунда “кинога келдим”, деб жавоб бердим. Нима сабабдан келганимни яна қайта сўраганида “Мен ҳам артист бўламан”, дедим. Манзилимни, ота-онамни сўраб-суриштирганидан сўнг, катталар билан келишимни айтди. Ёнидаги ёрдамчисига манзилимни ёзиб олишини буюрди. Хурсанд бўлиб уйга қайтдим. Келганимдан сўнг бу ҳақда уйдагиларга айтмадим.

Бир куни мактабдалигимда шу одам келди-да, кинога борасан, деди. Дубльяж кечки пайт экан. “Кечаси борасан”, деди. Кейин кечаси нимани баҳона қилиб уйдан чиқишимни ўйлаб, охири киностудияга яқин жойда яшайдиган синфдош дугонам Дилбарнинг уйига дарс қилиш учун бораман, деб кетганман. Чунки у билан кўпинча бирга дарс қиларди. Ота-онам ҳам унинг уйидагиларини яхши танирди.

Шундай қилиб уйдан чиққанимдан сўнг дугонамни ҳам огоҳлантириб, студияга кетдим. Борганимдан сўнг кичик бир эпизодга нимадир деб бир-икки оғиз овоз бердим. Шу билан анча кеч тушиб, соат кечки иккилар бўлган. Мени дилбарларникига етаклаб келган ёрдамчи “уйинг бу ерда эмас-ку”, деди. Унга “бугун холамникида ётиб қоламан”, деб айтдим ва қулфламасдан ёпилган эшикдан ичкарига кириб кетдим. Эртаси куни синфдошимнинг уйидан мактабга бордим.

Шу зайлда яна бир-икки марта ҳеч кимга билдирмай студияга бориб юрдим. Лекин барибир бир куни тутилдим. Уйдагилар билганидан сўнг роса гап эшитдим.Чунки авлодимизда санъаткор, артистлар йўқ эди. Отам асли эшонлардан чиққан. Онам томондагилар ҳам катта бой ҳожилардан бўлган. Бундай оила фарзанди учун артист бўлиш шармандалик саналган. Дадам қўлимдан тутиб қаёққа келаётганимни кўриш учун мен билан студияга келган.

Раҳматли Бўривой ака дадамга бу ердан чиққанларнинг ҳам ҳаммаси ҳам артист бўлмаслигини тушунтирди. “Боланг боълар-бўлмас ишлар билан шуғулланиб, вақтини беҳуда сарфлагандан кўра бу ерга келиб жараённи кузатиб ўтириб, фильмларни кўриб нимадир ўргангани яхши эмасми? Бу ерга келиб юрган болалардан фан номзодлари, катта журналистлар, профессор, докторлар чиққан. Бу машғулот бир ҳоббидек нарса. Фақат сизлар хоҳласанглар боланглар келади, бўлмаса йўқ. Чунки болаларимиз кўп. Лекин фарзандингиз дубльяжга қизиқибди, рухсат бериб кўринглар. Балки кейинчалик қизиқиши қолиб кетар”, деган.

Шундан сўнг мен у ерга боришни давом эттирганман. Кейинчалик каттароқ синфга ўтганимда театрга келиб-кетиб юрганимда Рихси Иброҳимова, раҳматли Тўти Юсуповалар ҳам театрга ёш актрисалар сифатида кела бошлашган. Улар қадрдон опаларим бўлиб қолишди.

“9-синфни тугатмасимдан институтга олишган”

— Мактабда 9-синфда ўқиётган кезларим кечки пайт ишга келаётганимда троллейбусда бир семиз, кўзлари бақакўз киши менга қараб-қараб қўяверди. Унинг қарашидан қўрқиб кетаман. Охирида “Кечаси нима қилиб юрибсан? Қаерга кетяпсан?” деб сўради. Шунда “Мен артистман. Киностудияга ишга кетяпман”, дедим. Ҳалиги киши студияда нима қилишимни сўради. “Дубльяжда қатнашаман”, деб айтдим мен. Нимага театралний йўналишда ўқимаслигимни сўради. Сўнг ўзини режиссёрлигини айтиб, эртага театр институтига бориб, уни сўрашимни тайинлади.

Эртаси куни айтилган манзилга бордим.Қарасам, дарс кетаётган экан. Ичкаридаги ўқитувчи ёрдамчисини чақириб, унга мени имтиҳон қилишни тайинлади. Ёрдамчи Турсунбой акани танир эдим, ҳар куни дубльяжга келарди. Хонага кирганимиздан сўнг Турсунбой ака “сенинг нимангни имтиҳон қиламан, ўқийвер курсда”, деди. Шу билан ҳали мактабни тугатмай туриб, институтдаги ўқишим ҳам бошланиб кетди.

“Турмушга бермасликлари учун Москвага қочиб кетганман”

— Олий таълимда учинчи курсда ўқиб юрганимда уйда жуда кўп гап-сўзлар бўла бошлади. Турмушга беришларини айтишарди. Шундай бўлавергач, охири учинчи курслигимда турмушга чиқсам, санъаткор бўлолмайман, деб Москвага қочиб кетганман. Борсам, бу ерда ҳам олий таълимда имтиҳон даври экан. Аммо имтиҳонга киритишмаган, чунки ҳеч бир ҳужжатим йўқ эди. Охирги имтиҳон тугаганидан сўнг бир театрнинг билим юртига бордим. У ерга бориб, ректорнинг олдига кирдим ва ўзбек эканлигимни, ўқитишмасдан мажбурлаб эрга беришаётганини айтдим. Шунинг учун ўқишимни ташлаб, бу ерга қочиб келганимни келганимни айтдим. Ўқишга олишди.

Узоқ манзилдан билим юртига қатнай бошладим ва бир куни мен кетаётган автомобиль кутилмаганда автоҳалокатга учраши оқибатида бош мия чайқалиши жароҳатини олдим. Бир муддат касалхонада даволандим. Касаллигим учун ўқишга боролмасдим, ватанга қайтишим керак эди. Онам мени кўргани келди ва аҳволимни кўриб санъаткор бўлишимга охири рози бўлди. Қайтиб келганимдан сўнг ўқишимни ва ишимни давом эттирмоқчи бўлдим. Лекин институтга қабул қилишмади.

Бориб Москвада ўқиб юраверишимни айтишди. Бир куни институтга Москвадан корреспондент турмушга мажбурлаб берилаётган қиз ҳақида ўргангани келибди. Шошилинч институтга чақиришиб, ўқишимни давом эттираётганимни айтиб, ортиқча соъз айтмаслигимни тайинлашди ва эртадан ўқишни давом эттиришим мумкинлигини билдиришди. Уларга хўп дедим-у, келган корреспондентга ҳаммасини рўйи-рост айтиб, охирда у келгани учун ўқишга қайтганимни ҳам сўзлаб бердим.

“Мингта дўстинг бўлса ҳам, бир душманинг бўлмасин” ёки театрдагиларга у ҳақда енгилтабиат деб берилган таъриф ҳақида

— Институтни битирганимдан сўнг Ҳамза театрига йўлланма беришди. Кимлардир мен ҳақимда иғво тарқатиб “бу қиз енгилтабиат”, дейишган экан. “Юлдузлар осмони” спектаклидан менга ҳам эпизод берилди. Ролимни ўйнаётсам Зикир Муҳаммаджонов “Сен аввал буйруқ олгин, кейин репетиция қиласан”, деди. Театр директорининг олдига бориб буйруқ чиқариб беришларини сўрасам, “Сенга ўхшаганлар ўзимизда жуда кўп. Аввал ўшаларни эплаб олай”, деди. Бу гапнинг маъносини тушунмай хонадан чиқиб кетдим. Кейин билсам, мени яхши хулқли эмас, дейишган экан. У вақтда ҳали турмушга чиқмаган эдим. Шу бўйи дубльяж студиясида ишлаб юравердим.

Кейинчалик ҳам яна уч марта театрга чақирилдим ва борган жойимдан қайтарилдим. Шундан сўнг қайтиб театрга ишга бормадим. Олдин бундан хафа боълардим, ҳозир хурсандман. Балким улардан ўзиб кетишимдан қўрқиб яқинлатишмагандир мени. Рақобатчилар ўзларидан ўзиб кетишимдан қўрқишган бўлса, бундан хурсандман.

“Болам билан кўчада қолдим”

— Кўчада болам билан уйсиз қолганимда “Ўзбекфилм” киностудияси менга эски декорацияни бошпана қилиб беришган. Бир болам бор, яна бири ҳали туғилмаган пайтда турмушимдан кетганимда қаёққа боришни билмаганман. Ота-онамни олдига борганимда уйда келин бор эди. Онамга келинингиз ундай қиляпти, бундай қиляпти десам, онам “қизим, чиққан қиз чиғириқдан ташқари бўлади. Чидасанг, ўтир, чидамасанг, йўқ. Яна битта уйлантирадиган ўғлим бор. Ҳозир келин билан келишолмасанг, кетади. Эртага иккинчи ўғлимни уйлантираман деганимда опаси артист эди, эридан ажрашган, акаси хотин қўйган, бу ўғли ҳам шунақа бўлади, бу оила шунақа ўзи, дейишса, нима дегани бўлади? Ўзи артист бўлиб юзимизни ерга қаратиб бўлгансан. Энди чидасанг, яша, чидамасанг, бор эрингникига. Ярашиб, ўша ерда сув келса симириб, тош келса кемириб ўтирасан”, деган.

Шундан сўнг боламнинг кийим халтасини кўтариб киностудияга келганман. Студиядагиларга “кўчада қолдим. Мана шу ердан жой бермасанглар ўзимни шу эшик тагида осаман”, деганман. Шундан кейин кино студиянинг орқа томонида эски декорация бўлган жойни ажратиб беришган. Жуда абгор бўлиб кетган жой эди. Кимдир уйидан плита олиб келиб берган. Челак, тоғора олиб ўша ерда икки-уч йил яшадим. Шу декорация бузиладиган бўлганда менга квартира беришди.

“Дубльяж касодга учраб, Америкага кетдим”

— 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида дубльяжда кўринмадим. Сабаби, бу пайтда дубльяж касодга учраб, телевизион вариантга ўтиб кетилди. Бу вариантга қўшила олмадим. Санъаткор бўлганим учун санъатдан бошқа иш қилолмайман— бозорга чиқишни эплолмайман, бошқа бир касбни эгаллаш учун ёшим 50 ошиб 60га кириб қолган эдим. Ана шу пайт нима қилишим керак эди?

Маҳалладан ёрдам пули сўрайманми ёки бўлмаса мени таклиф қилмаган телевидение режиссёрининг эшиги олдига бориб “Ўзбекистон халқ артисти эшингиз олдига келди, иш беринг” дейманми? Одамга ғурур ҳам керак озгина. Бу ёқда катта ўғлим армияга бориб, касал боълиб қайтиб келди. Кичик ўғлим уйланган. Шунда моддий қийинчиликка дуч келдик. “Юрган дарё, ўтирган бўйра”, деганларидек мен ҳам халқ қатори ўзимни синаб кўриш учун Америкага кетдим.

У ерда ҳам иш топиш осон эмас. Ҳеч ким сизга “Хуш келибсиз, қайси ишни берай?”, демайди. Идорама-идора юриб иш қидирасиз. Хорижга борганда тил билиш керак бўлади. Мажбур бўлиб мен ҳам қийналиб тил ўргандим. Бизнинг касбимиз у ёқда ўтмайди. У ерда қарияларга қаровчи бўлиб ишладим. Америкада кўп қарияларга болалари ишда бўлгани учун қаролмайди.

 

Фарзандлари ва набиралари ҳақида

— Икки ўғлим бор. Каттаси бастакор, кичиги дипломат касбини эгаллади. Болаларим тарбиясида қаттиқ турдим. Уларни санъатга йўлатмоқчи эмас эдим. Лекин уларни соҳамга  яқинлаштиришга мажбур бўлдим. Чунки планни тугатиш учун 20 соатлаб ҳам ишлашга тўғри келарди. Болаларга телефон қилиб хабар олардим. Агар уйда йўқ бўлса, хавотир олиб уйга югурардим. Кўчада кўриб қолсам, уришиб, уйга олиб кирардим. Шунинг учун болаларим ҳам ҳадеб озор чекмасин, ўзим ҳам улардан хавотир олавермай, деб уларни мусиқа интернат мактабига бердим.

Ҳозирда икки болам ҳам оилали. Невараларим ҳам катта бўлишган. Лекин ҳалигача уйланишмаяпти, турмушга чиқишмаяпти. Бири докторантурада ўқиса, бошқалари бакалаврда турли йўналишларда ўқийди. Ҳаммаси ўқиш билан овора. Ҳали эварали бўлмадим. Ўқийверишсин, ҳунарли бўлгани яхши, албатта, дейди дубльяж актрисаси.

Манба

Дўстларингизга ҳам юборинг: