Нега дунё аҳли яна тугмали телефонларга қайтмоқда?
XXI аср — сунъий интеллект, ақлли уйлар ва коинот туризми даври. Аммо парадоксни қаранг: тобора кўпроқ одамлар энг сўнгги моделдаги iPhone ёки Samsung’ларини ташлаб, оддий «фонари бор» телефонларга ўтмоқда. Бу шунчаки эскилик сарқитими ёки онгли равишда озодликка интилиш? Мана, ушбу тренднинг 5 та асосий сабаби:
Смартфон ҳозир шунчаки алоқа воситаси эмас, у бутун бошли коинот. Ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, чексиз билдиришномалар (уведомление), реклама ва YouTube… Бир лаҳзага об-ҳавони кўраман деб телефонни оласиз ва ярим соатдан кейин «Нима учун пингвинлар учмайди?» деган видеони кўраётган бўласиз. Инсон мияси бундай ахборот ҳужумидан чарчади. Тугмали телефон эса сизни чалғитмайди — у фақат қўнғироқ қилиш учун!
Яхши смартфон камида 4-5 миллион сўм туради. Уни бир марта тушириб юборсангиз, экранини алмаштириш яна бир дунё пул. Тугмали телефон эса 200-400 минг сўм туради, қуввати бир ҳафтага етади ва уни зинадан тушириб юборсангиз ҳам, максимум қопқоғи очилиб кетиши мумкин. Унинг учун қимматбаҳо ғилоф (чехол) қидиришнинг ҳожати йўқ!
Смартфон — бу сизнинг ҳаётингиз калити: унда банк карталари, шахсий суратлар, пароллар ва ҳужжатлар бор. Уни бузиб кириш ёки вирус тушириш жуда осон. Тугмали телефонда эса интернет йўқ, демак, вирус ҳам, жосуслик дастурлари ҳам унга дахл қила олмайди. Кўпчилик тадбиркорлар банк СМС-хабарлари учун айнан оддий телефондан фойдаланишади.
Психологлар бонг урмоқда: смартфонга қарамлик руҳий чарчоққа олиб келади. Тугмали телефонга ўтганларнинг айтишича, уларда китоб ўқиш, оиласи билан суҳбатлашиш ва шунчаки дам олиш учун вақт кўпайган. Эрталаб уйғониб, биринчи ишингиз Instagram’ни варақлаш эмас, балки деразадан ташқарига қараш бўлади.
