Шомуродовдан бўшаган ўринга Муҳаммад Салоҳ келиши мумкин
Италия чемпионатида юқори ўринлар учун курашаётган “Рома” клуби жорий мавсум бошланишидан аввал Элдор Шомуродовни Туркия чемпионати вакили “Истанбул Башакшеҳир”га ижарага жўнатганидан сўнг, ҳали ҳам ўзбек форвардининг ўрнини боса оладиган ҳужумчи топа олмади.
Элдорнинг ўрнига Англия Премьер-лигасидан таклиф этилган Эван Фергюсон ҳам ишончни оқламади. А Серияда 16 та учрашувда атиги учта гол урган ирландиялик ҳужумчининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам етарли. Римликлар мавсум охирида уни ортга қайтариб юборишга қарор қилган.
“Рома” Элдор Шомуродовни турк клубига ижарага берган пайтда истанбулликлардан 3 миллион евро олган. Шу билан бирга “Башакшеҳир”га агар клуб Туркия Суперлигасидаги ўрнини сақлаб қолса, ўзбек ҳужумчисини яна 2,8 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер қилиш мажбуриятини юклаган.
Истанбул клуби жорий мавсум Суперлигада жойини сақлаб қолиш учун эмас, аксинча Европа турнирларига йўлланма берадиган юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда. Бунда 27 та учрашувда рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган Элдор Шомуродовнинг ҳиссаси катта бўляпти.
Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Шомуродов ёзда энди Римга қайтмайди ва “Рома” билан алоқалар тўлиқ узилади.
“Рома”да Шомуродовдан бўшаган ўринга Муҳаммад Салоҳни олиб келишга тайёргарлик кўришмоқда.
