Каллани ишлаши учун ҳам туртки керак!..
Машҳур олим Шайх Муҳаммад Рабҳомий ўзининг «Риёд-ун-носиҳийн» асарида шундай ҳикоя қилади:
«Зод-ул-муқвийн» китобида зикр этилишича, Рум императори (Қайсар) еттинчи Аббосий халифа Маъмун ибн Хорун ар-Рашид ҳузурига бир элчи юборади. Элчи билан бирга ўзига бино қўйган, ҳайбатли бир кимса ҳам келади. Элчи халифага юзланиб:
— Эй халифа, бу одам даҳрийдир. У бутун оламларни йўқдан бор қилган Яратувчининг борлигини инкор этади. Рум роҳиблари қанчалик уринмасинлар, унинг шубҳаларига қониқарли жавоб бера олмадилар. Агар Ислом олимлари уни мот қилиб, ҳақиқатни англатишса, миллионлаб насроний ва мусулмонларни хурсанд қилган бўлардилар, — деди.
Бағдод уламолари бу баҳсга фақат Аҳмад Нишопурий муносиб эканини айтишди. Халифа махсус кун ва соат белгилаб, барча олимларни саройга чорлади. Белгиланган вақтда ҳамма йиғилди, бироқ Аҳмад Нишопурий ҳадеганда келавермади.
Ниҳоят, у анча кечикиб келиб, мажлис аҳлидан узр сўради: — Маъзур тутасизлар, йўлда шундай ажойиб ва ҳайратланарли воқеага дуч келдимки, уни томоша қилиб, кечикиб қолдим. Дажла қирғоғида қайиқ кутиб турганимда, кўз олдимда ердан бир ниҳол униб чиқиб, зумда катта дарахтга айланди. Сўнг у ўз-ўзидан кесилиб йиқилди ва тахталарга бўлинди. Тахталар сип-силлиқ бўлиб тартибланди-да, ўз-ўзидан бирлашиб, мукаммал бир кема ҳосил бўлди. Кема ичида ҳеч қандай одам бўлмаса-да, ўз-ўзидан сувда сузиб кета бошлади.
Бу гапларни эшитган даҳрий ўрнидан сакраб туриб, масхараомуз деди: — Бу одам тентакми? Шундай бемаъни гап бўладими? «Дарахт ўз-ўзидан кемага айланди» деган кимсадан кўра каттароқ ёлғончи ва аҳмоқ бўлмаса керак. Бу афсонага фақат ақлсизлар ишонади!
Шунда Аҳмад Нишопурий кулимсираб жавоб берди: — Агар оддийгина бир дарахт ўз-ўзидан кемага айлана олмаса, бутун борлиқдаги мана шундай мураккаб ва ҳайратомуз ҳодисалар, чексиз коинот қандай қилиб ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин? Агар «кема ўз-ўзидан яралди» деган одам аҳмоқ бўлса, «бутун оламнинг Яратувчиси йўқ» деб даъво қилган кимса ундан-да ўтиб тушган аҳмоқ ва тентак эмасми?
Бу мантиқий зарбадан карахт бўлиб қолган даҳрий: — Ҳар бир нарсанинг Яратувчиси борлигини энди англадим ва ишондим, — деди ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтиб, Исломни қабул қилди.
