Трамп Эрон бўйича якуний қарор остонасида: Иккита қонли сценарий.

Трамп Эрон бўйича якуний қарор остонасида: Иккита қонли сценарий.

Пентагон Эрон ҳудудида иккита ер усти операциясини режалаштирмоқда ва Дональд Трампнинг буйруғини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 2026 йил 1 апрель куни «The Atlantic» журнали учта ишончли манбасига таянган ҳолда хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ҳар икки операция ҳам Трампнинг икки президентлик муддати давомидаги энг хавфли миссиялардан бири бўлади. Бироқ уларнинг ҳеч бири уруш тугашига, режим ағдарилишига ёки Ҳурмуз бўғози очилишига кафолат бермайди.

1-вариант: Харг оролини эгаллаш

Ҳарбийлар ўтган дам олиш кунлари Яқин Шарққа етиб келган минглаб денгиз пиёдаларини Харг оролига юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.

  • Мақсад: Эрон режимини асосий даромад манбаидан маҳрум қилиш ва музокараларда босим ўтказиш воситасига эга бўлиш.

  • Хавфлар: АҚШ ҳарбийлари Эрон дронлари, ракеталари ва денгиз миналари қуршовида қолиши мумкин. Трамп «Financial Times» нашрига берган интервьюсида Харг эгалланиши мумкинлигини айтган, аммо: «Бу биз у ерда бироз вақт қолишимиз кераклигини ҳам англатади», — деб қўшимча қилган. CNN маълумотларига кўра, Эрон аллақачон оролга қўшимча қўшин ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштирган.

2-вариант: Уранни қўлга киритиш

Иккинчи вариант янада мураккаб ва хавфли: махсус кучларни Эрон ичкарисига юбориб, юқори даражада бойитилган уранни қўлга киритиш.

  • Муаммо: Асосий уран захираси Исфаҳондаги ядровий объект вайроналари остида қолган. Маълумотларга кўра, ҳатто эронликларнинг ўзлари ҳам ҳалигача унга етиб бора олишмаган.

  • Эҳтиёж: Ушбу операция қурилиш техникаси, радиациядан ҳимояланиш бўйича мутахассислар ва шиддатли ер усти жангларини талаб қилади.


Трампнинг иккиланиши ва қарама-қарши маслаҳатлар

«The Atlantic» манбаларига кўра, Трамп ҳали якуний қарорга келгани йўқ. Ҳарбийларнинг бир қисми хавфлар туфайли президент бу қадамдан воз кечишига умид қилмоқда. Бироқ Ҳурмуз бўғозининг ёпиқ қолиши ва нефть нархининг кескин кўтарилиши Трампни операцияга розилик беришга ундаши мумкин.

Президентга берилаётган маслаҳатлар турлича:

  1. Биринчи томон: Иқтисодиётга зарар етказмаслик учун урушни тезроқ тугатиш тарафдори.

  2. Иккинчи томон («Ястреблар»): Эрон режимини бутунлай тугатиш керак деб ҳисоблайди. Булар орасида республикачи сиёсатчилар ва Форс кўрфазидаги иттифоқчилар бор.

Сўнгги баёнотлар

Трамп бугун «Truth Social» тармоғида Эроннинг «янги президенти» ўт очишни тўхтатишни сўраганини, аммо АҚШ буни фақат Ҳурмуз бўғози очилгандан кейингина кўриб чиқишини ёзди. Ваҳоланки, бундан сал аввал у қўшинларни Эрондан олиб чиқиш «бир неча ҳафталик иш» эканини таъкидлаган эди.

Бугун кечқурун Трамп Эрон масаласи бўйича халққа «муҳим мурожаат» билан чиқиши кутилмоқда. У ер усти операциясига рухсат берадими ёки йўқ — ҳозирча номаълум.

Дўстларингизга ҳам юборинг: