Францияда «масон қотиллар тармоғи» устидан суд бошланди: киллерлар, айғоқчилар ва «Моссад»
Париж судида ҳозир бўлаётган воқеалар реалликдан кўра кўпроқ нуар жанридаги триллер сценарийсини эслатмоқда. Пойтахтда «Атанор» масонлар ложасининг 22 нафар аъзоси устидан суд жараёни бошланди. Улар ўз махфий жамиятини ҳақиқий «киллерлар идораси»га айлантиришган.
Скамьяда ўтирган айбланувчилар орасида Франция ташқи разведкасининг (DGSE) 4 нафар амалдаги ходими, 2 нафар полициячи, ички контрразведканинг истеъфодаги зобити, қўриқчи ва икки нафар тадбиркор бор.
«Моссад агенти» ҳақидаги уйдирма
Ҳаммаси 2020 йилнинг 24 июлида Париж яқинидаги Пюто шаҳарчасида бошланган эди. Полиция таниқли бизнес-коуч Мари-Элен Динининг уйи яқинида шубҳали машинани тўхтатади. Ичидаги икки киши шунчаки жиноятчи эмас, балки DGSE’нинг амалдаги ҳарбийлари бўлиб чиқади. Улардан ўқотар қурол ва суиқасд режаси топилади.
Энг даҳшатлиси, аскарлар француз давлати учун ишлаяпмиз деб чин дилдан ишонишган. Уларни «коуч аёл аслида Франция иқтисодиётига суқилиб кирган ‘Моссад’ агенти ва уни йўқ қилиш миллий хавфсизлик масаласи» деб ишонтиришган.
Жиноий «агентлик» қандай тузилган?
Тергов натижасида «Атанор» ложасининг икки аъзоси — Фредерик Вальо ва Даниэль Болье ўртасидаги иттифоқдан туғилган бутун бошли жиноий тизим фош бўлди:
-
Вальо — тадбиркор ва бир нечта хусусий қўриқлаш корхоналари эгаси. У молиялаштириш ва ноқонуний шартномаларни қонуний ниқоб остида амалга ошириш билан шуғулланган.
-
Болье — ички контрразведканинг (DGSI) собиқ юқори лавозимли зобити. У гуруҳнинг «мияси» ва буюртмаларнинг «давлат аҳамиятига моликлигини» кафолатловчи шахс бўлган. Махсус хизматлардаги обрўсидан фойдаланиб, ижрочиларни «махфий миссияни бажаряпмиз» деб алдаган.
Буюртмалар ва нархлар
Мари-Элен Динини ўлдириш буюртмасини «Атанор» ложасининг 69 ёшли «муҳтарам устаси» Жан-Люк Багюр берган. У аёлнинг рақобатчиси бўлиб, Дини томонидан тузилган коучлар касаба уюшмаси унинг мавқеига путур етказишидан қўрққан.
Шартнома баҳоси: 70 000 евро + ҚҚС (НДС). Қотиллар ҳатто ўлдириш учун тўланадиган пулни «легалллаштириш» мақсадида расмий транзакция ва солиқларни ҳам муҳокама қилишган.
Бошқа қурбонлар
Динига қилинган суиқасд тармоқнинг сўнгги ҳаракати бўлиб чиқди. Гуруҳ йиллар давомида фаолият юритган:
-
Лоран Паскуали (2018 йил): Ралли пойгачисининг жасади ғойиб бўлганидан бир йил ўтиб ўрмондан топилган. У Вальога яқин шахслардан 200 000 евро олиб, реклама шартларини бажармагани учун ўлдирилган. Унинг манзилини қотилларга тизимдаги амалдаги полициячи етказган.
-
Хасан Тузани: «Сариқ нимчалилар» ҳаракати фаолига нисбатан ҳам суиқасд режалаштирилган. Буюртмани унинг касаба уюшмаси фаолиятидан зарар кўрган тадбиркор берган. Хизмат ҳақи — 75 000 евро.
Суддан нима кутиляпти?
Францияда 2025 йилда қабул қилинган янги қонунга кўра, бундай уюшган гуруҳлар халқ маслаҳатчиларисиз (присяжнийларсиз), фақат махсус судьялар томонидан судланади.
-
Бундай форматда оқланиш эҳтимоли 41 фоизга пасаяди, максимал жазо олиш хавфи эса 5,5 баравар ортади.
-
13 нафар айбланувчига деярли кафолатланган умрбод қамоқ жазоси таҳдид қилмоқда.
-
Ташкилотчи Даниэль Болье қамоқхонада ўз жонига қасд қилишга уриниб, ногирон бўлиб қолган ва ҳозирда судга аравачада келтирилмоқда.
Суд жараёни 2026 йилнинг 17 июлигача давом этади.
