ЎХШАМАГАН «ИШҚ» ВА ПЛАСТИК КАРТА МАШШАҚҚАТИ
Хонадонимиздан файз қочгандек эди. Доим набираларини тергаб, бизни «тарбиялаб» юрадиган отам тўсатдан ўзгариб қолди. На бировни уришади, на бировга танбеҳ беради. Фақат сукут сақлаб, хаёл сургани сурган. Отамнинг бу кутилмаган «олижаноблиги» бизни ваҳимага солиб қўйди.
Саксонни қоралаган катта опам эса ҳаммадан кўп куярди. У набирасининг набирасини кўриш арафасида бўлса-да, отамнинг аҳволига қараб боладек бўзларди: — Отам яқинда ўлиб қолади, бизни етим ташлаб кетади… Энди мен шўрлик кимга суяниб етимча бўлиб юраман?
Онам эса вазиятни юмшатиш учун ўхшамаган ҳазил қиларди: — Отанг шунча яшади, мени еб-ичиб тугатди, энди навбат ўзига келибди-да! Аввал мени ўлдириб, кейин ўзи кетар… Аммо саксон уч ёшли «ёш бола» қизини овутаман деб, онамнинг ўзи ҳам чидаб туролмади. Қўлидаги пиёлани хонтахтага «дўқ» этиб қўйди-ю, енги билан кўз ёшларини арта бошлади. Ҳовли тумонат одам — болалар, набиралар, чеваралар… Ҳамма хавотирда. Отам эса ҳеч кимни сезмас, ўз хонасида миттигина жусса бўлиб, аллақандай оғир ўйлар гирдобига ғарқ бўлганди.
Опам яна вайсашда давом этди: — Она, қўрқманг, «мен ўлиб қолсам отанг қаровсиз қолади» деб йиғлаяпсизми? Ўзимиз қараймиз-ку… Шу гап онамнинг жиғига тегди: — Шошма, ўзингча ёшлик қилиб вайсайверма! — деди зарда билан. Саксондаги аёлга онаси «ёшлик қилма» деса… Кулгимизни аранг тийиб турдик. Лекин онамнинг кейинги гапи ҳаммани тош қотириб қўйди:
— Отанг ўтиб кетса розиман, кўнглим тинч бўларди. Шунча йил тинч яшадик, бирор марта изидан шубҳа қилмагандим. Аммо ёши бир жойга борганда бу қилиғи нимаси? Юздан ўтганда одам янгиланади дейишгани рост экан. Қарасанг-чи, отанг ёш йигитлардек «севги» дардига мубтало бўлиб ўтирибди! Уят эмасми?!
Ҳаммамиз баравар кулиб юбордик. Онам эса астойдил рашк қилаётган эди: — Нимасига куласан? Тунов куни Салим чилимчининг қизи эридан ажраб келганди. Хойнахой, мана шуни мўлжалига олган-да! Юздан ошган чол 50 яшар бевани кўз остига олиб ўтирган бўлса-я! Қайсингга расми бор ўша жувонни? Кўрсат менга! Йўқ, ўзим бораман. Абдукарим, мошинангни завад қил, болам!
Онам биринчи марта рашк қилаётганди. Шунча йил қон босими ошмаган кампирнинг тоби қочмасин деб, атрофида гирдикапалак бўлдик. Шу пайт отамнинг хонаси эшиги шарақлаб очилди. — Топдим! Ниҳоят топдим! — деди отам юзи ёришиб. Ҳаммамиз «севгилисининг» исмини айтармикан деб нафас ютдик. Отам эса қўлида пластик карточкасини силкитиб чиқиб келди. Маълум бўлишича, бозордан онамга бирор совға мўлжаллаб қўйган-у, лекин тўлов қилишга келганда карточкасини йўқотиб қўйган экан. Шунинг дардида уч кун овқат емай, дунёдан узилиб қидирган.
Отам «пластигини» кўрсатиб, онамни ёнига имлади. Онам эса бояги зардаларни унутиб, шарт ўрнидан турди ва отамнинг ортидан йўл олди. Ташқаридан эса онамнинг овози келди: — Ҳой Абдукарим, мошинангни завад қил, отангни бозорга олиб борамиз!..
Нуриддин Зиё
