Оила, тақиқ ва сахна: Дилноз Ҳакимованинг ҳаёти қандай?

Оила, тақиқ ва сахна: Дилноз Ҳакимованинг ҳаёти қандай?

Ёш хонанда Дилноз Ҳакимова YouTube’даги лойиҳалардан бирида шахсий ҳаёти, турмуш ўртоғининг талаблари ва ўзининг қизиқишлари ҳақида сўзлаб берди.

Унинг айтишича, турмушга чиққанидан кейин ҳаётида катта қийинчиликлар бўлмаган. Тўйдан сўнг алоҳида яшай бошлагани сабабли кундалик оғир рўзғор ишларидан озод бўлган. Асосий вазифаси — турмуш ўртоғи учун овқат тайёрлаш. Шунингдек, дам олиш кунлари қайнона-қайнотаси уйига бориб, оила даврасида вақт ўтказишади.

Хонанда турмуш ўртоғининг айрим тақиқлари борлигини ҳам яширмади. Масалан, у эркаклар билан суратга тушмайди ва дугоналари билан ресторан ёки кафе каби жойларга боришга рухсат берилмаган. Шу сабабли у кўпроқ дугоналари билан уйида учрашади. Шу билан бирга, клипларида ҳам сюжет ролларида қатнашмайди.

Шунга қарамай, у турмуш ўртоғини яхши инсон сифатида таърифлайди.

Дилноз Ҳакимова ўз фаолиятини аввалдан хонандалик билан бошлаганини таъкидлади. Кейинчалик “Уйғонамиз” дастури орқали бошловчиликни ҳам синаб кўрган. Унинг “Мусофиргина онам” ва “Ҳалоли” каби қўшиқлари аввалроқ яратилган.

Хонанда ўз услуби ҳақида ҳам фикр билдириб, аёл киши латофатли бўлиши кераклигини айтди. Унингча, эркаланиб, мулойим бўлиш инсонни ёқимли қилади, лекин бу маданият доирасидан чиқмаслиги муҳим.

Шунингдек, у болалигидан нарда ўйинига қизиқишини ва бу ўйинни яхши ўйнашини айтди. Бироқ турмуш ўртоғи уни мусобақаларда қатнашишини маъқулламайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: