Эрон: «Қасос қиёматга қолмайди!..»
Гап самолёт ташувчи кемадек келадиган TOUSKA кемасининг тўхтатилиши ҳақида бормоқда.
Теҳрон Америка Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан Эрон савдо кемасига ўқ узилгани учун Вашингтондан қасос олишга ваъда берди. Бу ҳақда 19 апрель куни Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) марказий штаби вакили маълум қилди, деб хабар бермоқда Tasnim агентлиги.
«Ислом Республикаси Қуролли кучлари яқин орада ушбу денгиз қароқчилиги ва АҚШ армиясининг ҳужуми учун тегишли жавоб қайтаради ҳамда қасос олади», — дейилади ИИПК баёнотида.
Аввалроқ, 19 апрель куни АҚШ ҳарбийлари Эроннинг самолёт ташувчи кема ҳажмидаги TOUSKA юк кемасини тутиб қолгани маълум бўлган эди. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг хабар беришича, кемани тўхтатиш учун Ҳарбий-денгиз кучлари эсминци кеманинг машина бўлинмасига зарба беришга мажбур бўлган.
