«Ҳеч ким кўрмаяпти-ку!.. Бос!!!»
Биз дунёнинг энг бой маънавий меросига эгамиз, деб мақтанамиз. Тилимизда «истиҳола» деган нозик ва гўзал сўз бор — бошқа бировга оғирлигимиз тушмасин, деб тортиниш. Аммо бугун бу сўз фақат луғатларда қолдими? Ёки «эзиклик» деб тамғаланиб, четга сурилдими?
Ҳаж сафари — бу буюк ибодат. Аммо аэропортдаги манзарани қаранг: паспорт назоратида тинимсиз еб-ичиб, ахлатини оёғи остига ташлаётган замондошимиз… Унинг мантиғи оддий ва даҳшатли: «Ҳеч ким кўрмаяпти-ку!»
Шу ерда савол туғилади: Биз Аллоҳни ҳам «кўрмайди» деб ўйлаймизми? Бизнинг ибодатимиз фақат сажда ва тасбеҳдан иборатми?
Одоб — бу 24 соатлик Фарз
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Одоб нима?» деб сўрашганда, «Диннинг ярми», деб жавоб бергандилар. Биз эса ўша «яримта» динимиз билан Каъбани тавоф қилгани кетяпмиз. Атрофимиздаги японлар, инглизлар бизга ҳайрат ва ачиниш билан қараб турганда, аслида улар бизнинг кийимимизга эмас, динимизнинг аҳволига қараб туришган эди.
«Намоз кунда беш маҳал, одоб эса йигирма тўрт соат фарздир.»
Биз намозхонмиз, лекин ахлоқимиз намозимизга эргашмаяпти. Жалолиддин Румий айтганларидек: «Одоб — ақлнинг ташқи либосидир.» Афсуски, бугун кўпчилигимиз маънан яланғоч қоляпмиз.
Нега япон тилида «бетайин» сўзи йўқ?
Японияда «басит», «аҳамиятсиз» ёки «бетайин» каби сўзларни тополмайсиз. Нима учун? Чунки уларнинг ҳаёт тарзида бетайинликка ўрин йўқ. Улар ҳар бир заррага, ҳар бир инсонга, ҳатто кичик бир чиқиндига ҳам аҳамият беришади.
Японияда ҳеч ким мусорини кўчага ташламайди. Мусор қутиси бўлмаса, сумкасига солиб уйига олиб боради. Бу — маданият эмас, бу — ОДОБ. Уларда нафт йўқ, газ йўқ, тилла конлари йўқ. Аммо уларда дунёни титратаётган «одоб захираси» бор.
Муваффақиятнинг яширин коди
Бундан ўн йил аввал америкалик профессорлар Япония тараққиёти сирини ўрганишга боришди. Кутганларидек юксак технологиялар эмас, уларнинг қаршисига яна ахлоқ чиқиб келди:
-
Ибодат даражасидаги иш: Улар учун ҳалоллик ва касб — бу муқаддас бурч.
-
Оиладаги эҳтиром: Университет профессори бўлган япон аёли эрталаб вақтли туриб, эрига нонушта тайёрлайди ва унинг оёқ кийимларини тозалаб қўяди. Бу қуллик эмас, бу — меҳр ва ҳурмат занжири. Аёлининг эъзозини кўриб уйдан чиққан эркак, бор меҳрини ишга беради.
Хулоса ўрнида: Руҳнинг уйғониши
Динимизнинг ярми ўша тарафларга «қочиб» кетгандек туюлмаяптими? Биз «мусулмонмиз» деймиз, лекин мусулмонликнинг моҳияти бўлган гўзал ахлоқни японлар яшаб кўрсатишмоқда.
Агар биз чиқиндини оёғимиз остига ташлаб, «Ҳеч ким кўрмади» десак… демак, биз Аллоҳни унутибмиз. Агар биз ўзганинг ҳаққига, атроф-муҳитга ва инсонийликка бепарво бўлсак… демак, динимизнинг ярми бой берилибди.
Вужудингиз титраяптими? Демак, қалбингизда ҳали имон тирик. Энди уни одоб билан безаш вақти келди. Токи, биз ҳажга фақат тана билан эмас, бутун ва мукаммал дин билан борайлик.
Умида Абдуқодирова
