Жинни-пинни бўлганми булар? Унақа деб ёзманглар бошқа!..
Бундан аввал биттаси чиқиб «шубҳали» деб каллани қотирганди. Энди бошқа битта канал:
«180 млрд қарздорлиги бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда гул экишга қарийб 8 млрд сўм ажратди.
Маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағнинг 5,2 млрд сўми Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган бошқармаларга, 2,7 млрд сўми эса туманлар Ободонлаштириш бошқармаларига тақсимлаб берилган», деб ёзибди. Хўп, шунга нима қилибди? Ҳозир ким қарздормас? Ҳамма қарздор, суриштириб келса. Аммо иш кетиши керак. Шаҳарни обод қилиш керакми? Керак. Бунинг учун гул зарур бўлади. Нима қиламиз? Сотиб оламиз… Қарз нима бўлади, дейсизми?.. Туриб туради. Солиқлари йиғилади-ку. Шундан қанчаси ҳокимиятнинг ихтиёрида қолади. Ҳа-а, ана. Ана шу тушган пул билан ёпиб юборамиз. Ёполмасак, кейингисидан ёпамиз. Ундаям ёполмасак… Энди нима қиламиз, 2025 йил ҳам бор-ку. Ана шунда ёпиб юборамиз, бир амаллаб… Ундан кейин бундай ўйлаб қаралса, битта катта шаҳар ҳокимияти учун 180 миллиард нима деган гап? Жойи келса битта «пуф» билан тўпланадиган нарса…