Озода Нурсаидовадан кутилмаган иқрор: ҳали ҳам уйимга совчилар келади
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Озода Нурсаидова даромади, Сабрина Жабборова можароси, алфонс эркаклар ва уйига ҳалигача совчилар келиши ҳақида гапириб берди.
Онаси ҳақида юракдан чиққан гаплар
— Кечалари билан ухлай олмайман, бошим ёстиққа тегиши билан онам кўз олдимда пайдо бўлаверади. Онам мен билан жуда кўп қийинчиликларни кўрди. У билан жуда яқин эдим, ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасида онамнинг иштироки бор эди. Қўшиқ чиқаришимдан олдин нима дейсиз деб унга эшиттирар эдим. У мени деб кўп касал бўлди. “Запретлар”, шахсий ҳаётим ўхшамагани, рақобатчилар, уйдаги муаммоларим учун мендан кўп куйинди. Ҳозир онам хоҳлаганидек санъатга қайтдим, концертлар беряпман. Унвон олишимни ҳам кўп кутганди, лекин кўра олмади. Ҳар доим унинг руҳи мен биланлигини ҳис қиламан. Мен қўшиқчи бўлиб танилишимда онамнинг ҳиссаси жуда катта, дейди хонанда.
“Ўрта Осиё поп-диваси” номи қандай чиққан?
Сўнгги йилларда Озода Нурсаидованинг концерт дастурларини, янги клипларини эълон қилишда унга нисбатан Ўрта Осиё поп-диваси деган мақом ишлатиляпти. Хўш, бу эътироф ким томонидан танланган ва қандай пайдо бўлган?
— Санъатга кирибманки, баландпарвозликдан қочаман. Озгинагина меҳнат қилиб қўйиб, баландпарвозлик қиладиганлардан фарқ қиламан. Кўп меҳнат қиламан-у, лекин камтарман. Шоу-бизнес журналисти марҳум Жасур Ҳамроев “Озода Нурсаидова жуда камтар санъаткор. Ҳеч ҳам “пафос”га берилмайди. Нега ундай? Бунчалик камтар бўлмасин у Ўрта Осиё поп-диваси. Саҳнага чиқишида уни шундай эълон қилинглар, илтимос”, деб синглим Нилуфарга смс ёзган эди. Унинг илтимоси билан шу мақом урфга кириб кетган, дейди хонанда.
Мукофотларини онаси кўра олмаган
— Президентимиз томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони, “Шуҳрат” медали каби эътирофларга лойиқ кўрилдим. Бу вақт ичида қанча кўз ёшлар тўкмадим. Онам раҳматли бу кунларни кўролмай ўтиб кетди. Чунки 2000-йилларда республика бўйлаб концертлар қўярдик, учрашувларда қатнашардик. Онам ҳар Мустақиллик байрамини кутар эди, қизим мукофот олармикан, мустақилликка чиқармикан, деб. 2023-йилда онам вафот этган бўлсалар, 23 йил кўз ёши тўкилди. Сен меҳнат қиласан, лекин мукофотни бошқалар олади. Йиллар давомида шахсан мен қон йиғлаганман, бошқалар балки яхши яшагандир. Гап даврда эмасдир, лекин менга оғир кунлар бўлган. Шуни гапирсам, сен ўтган даврни ёмонлаяпсан, дейишади. Мен бўлган нарсалар ҳақида гапиряпман. Кечирасиз, инсоннинг 24 йиллик умри ўйинчоқми?
Авваллари 3 ойлаб тўй хизматларидан воз кечиб, давлат тадбирининг тайёргарлик жараёнига борардик. Бир кун қолганида эса рўйхатдан чиқариб юборишарди. Йиғлардик. Шундан кейин чақирса ҳам бормайман дердим, қочардим. Бу одамнинг устидан кулиш ахир! Ҳозирги санъаткорлар маза қиляпти. Давлат тадбирларидаги иштироки учун ҳақ ҳам тўланади, кўп безовта ҳам қилинмайди. Умуман таққослаб бўлмайдиган вазият булар, дейди Озода Нурсаидова.
Даромадининг асосий қисми қаерга кетади?
Озода Нурсаидова бир ойлик даромадининг қанчасини ўз харажатларига, қанчасини жамоасига ва ижодига сарфлайди?
— Энг кўп пулини ижодга сарф қиладиган санъаткорлар қаторида бўлсам керак. Ресторанга кўп бормайман. Дам олишга икки марта бораман, аввал шунга ҳам бормасдим. Даромадимнинг 50 фоизини ижодга — созандалар, саҳна кийими, клип ва қўшиқларга сарфлайман. Қолган 20-30 фоизи шахсий эҳтиёжларим, оилам учун. Шундан қолган 20 фоизини фақат йиғар эканман, дейди ижодкор.
— Санъаткорлар солиқ тўламайди деб ким айтди ўзи? Бу гап ёлғон. Чораклик, йиллик солиқ тўлайман мен. Бу лицензиядан ташқари, албатта. Неча йилдир-ки, тўлаб келаман, декларация топшираман. Балки тўламайдиганлар бордир. Энди қандай қарор чиқаришса ҳам амал қиламиз. Секин-секин жойига тушиб кетади, дейди у.
Сабрина воқеаси бўйича илк изоҳ
22 ёшли актриса, модел Сабрина Жабборова Озода Нурсаидованинг “Дилбарим” клипи съёмкасида автомобил босиб кетиши оқибатида ногирон бўлиб қолган эди. Бахтсиз воқеа 2024-йилнинг 7 ноябрь куни рўй берган. Клипда суратга тушаётган вояга етмаган қиз Севинч Маъруфовна “Гелендваген” русумли автомобилни бошқариб, бошқа актриса – Сабрина Жабборовани босиб кетган эди.
— Сабрина воқеасини зиёли инсонлардан тортиб оддий халқ ҳам муҳокама қилди. Бу ишнинг бу даражада шов-шув бўлишига сабаб менинг исмим бўлган. Бу шундай тактика бўлган. Ҳамма жойда “Озоданинг клипида” деган жумла ишлатилди. Бу ишни Озода қилди дейишмади, фақат номим кетди. Қизиқ пайтида ҳамма фойдаланди — блогер ҳам, душман ҳам. Уларга мавзу топилди. Лекин бир нарсани муҳокама қилишдан олдин озгина идрок қилиш керак. Сабринанинг ҳаёти қизиқтирар экан, лекин бирор адекват одам чиқиб, суриштирув қилмади. Бу мижоз-ку, Озоданинг нима алоқаси бор демади. Мен шундан хафа бўлдим, дейди Озода Нурсаидова.
Экспертиза бўйича шубҳаларини айтди
— Ўша пайтда кўпчиликни аядим, истиҳола қилдим, гапирмадим. Мен экспертизадан норози бўлганман. Иккала қизга ҳам наркотикка экспертиза қилинмаган. Бундан шубҳам бўлган. Аслида қилиниши керак эди. Актёрларнинг виждонига ҳавола, съёмкага келганда масъулиятли бўлиш лозим. Чунки шундай воқеалар ҳам бўлган. Съёмкага келсам, исмини айтмайман, актёр ичиб олиб, машинада қотиб ётган. Касбга ҳурмат қани? Актёрлар томонидан ҳам нотўғри ишлар қилинади, дейди хонанда.
Кутилмаган қўллаб-қувватлов ҳақида
— Ўзимга яқин олган санъаткорлар бу ишдан хурсанд бўлди. Дўстим кам эканини билдим. Юлдуз Усмонова чиқиб, мени ҳимоя қилди. Тўғри, буни кутмагандим. Мени қўллаб-қувватлаганидан хурсанд бўлдим. Мақсадимиз бориб қўшиқ куйлаш, лекин қолган ишга бизнинг дахлимиз йўқ. Нега биз жавоб беришимиз керак? Мен продакшнга пулини тўладим, у жавоб бериши керак. Қолганига менинг алоқам йўқ. Опа ҳам шуни айтиб чиқди. Агар шундай санъаткорлардан 100 та бўлганида эди, халқ бизга бундай ташланмаган бўларди. Санъаткорлар менинг ҳимоямга ўтмади. Санъаткорлар ичида бир-биримизни қўллаш йўқ. Бу жуда оғриқли. Мен кўпидан хафа бўлганман, дейди ижодкор.
— Деярли 30 йилдан бери санъатда бўлсам, бирор марта шахсий ҳаётим ҳақидаги саволларга жавоб бермаганман. Бу менинг принспим, унга амал қиладиган одамман. Шахсий ҳаёт мавзусини ёқтирмайман. Мен ҳам оддий одамман, ҳеч қанақа ҳайбатим йўқ. Мен ҳам шахсий ҳаёт, бахт хоҳлайман. Яширганим сари кўп уйдирма гаплар чиқяпти.
Ҳалигача уйимга совчи келади. Оналар ўғлини сизга уйланмоқчи деб олиб келади. Уят борми, уят? 18-19 ёшли йигитлар сизни яхши кўраман, уйланаман деб ёзади. Жинни эмасман-ку, севгингга ишонсам дейман. Аҳмоқгарчилик бу. Айтишга мажбур бўляпман. Мухлис бўлиб севса, ишонаман. Менинг яхши кўрадиган одамим бор. Менга совчи қўйманг, уйимга келманг, хат ёзманг, одам жўнатманг, илтимос. Тинч қўйинглар мени!, дейди Озода Нурсаидова.
Алфонс эркаклар ҳақида кескин фикр
— Мен учун энг паст одам — алфонслар. Жирканаман ундай эркаклардан, ёмон кўраман. Мен учун улар одам эмас. Ҳаётимда унақалар учраган. Пул топадиган аёлнинг олдидан алфонслар чиқади, албатта. Пули йўқ аёлларнинг ёнига бориб кредит олдиришяпти-ю, пули борнинг олдида бўлмайдими? Улар мен учун энг паст табақада туради, ўғридан ҳам баттар. Ҳидидан сезаман уларни, умуман, яқинлаштирмайман, дейди хонанда.
“Оземпик”дан кейин соғлиғида муаммо бўлган
— Аёллар бу нарсаларга муккасидан кетмаслиги керак. Менда бутун умрлик ошқозонимда муаммо бўлган. Ошқозондаги ярадан ҳалигача қутилганим йўқ, шу сабабли ҳам кўп овқат емайман. 4 йил олдин семириб кетмаслик учун икки марта “Оземпик” (озиш дориси) олганман. Лекин соғлиғимга ёмон таъсир қилган, баъзи касалликларимни кучайтириб юборган. Ярадан қўрқиб жуда кам овқатланаман. 2015-йилда ошқозон операциясини ўтказганман. Кўпчилик бариатрия деб ҳам ўйлайди. Лекин “грижа”ни олдирганман. Жуда озиб кетганимнинг сабаби 1 ойлик қилиниши керак бўлган парҳезни адашиб 1 йил қилганман. Сочим тўкилиб кетган, тирноғим майдаланишни бошлаган, овозим чиқмас эди, энергияни-ку гапирмаса ҳам бўлади, дейди Озода Нурсаидова.
