Диққат! Ўзбекистонликлар Саудияда ишлаш имкониятига эга бўлиши мумкин!
Ўзбекистонликларни Саудияда тиббиёт, қурилиш ва муҳандислик соҳаларига ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида меҳнат миграцияси бўйича музокаралар ўтказди. Унда тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳаларига ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда Саудия томони меҳнат бозорида янги тизим жорий этилганини маълум қилди: энди меҳнат визалари малака даражасига қараб — бошланғич, ўрта ва юқори тоифаларга ажратилади. Бу эса малакали кадрларга талаб ошганини кўрсатади.
Қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистонда кадрларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, малака имтиҳонларини ўтказиш ва Саудияда қонуний ишга жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилди.
Аввалроқ президент йиғилишида ҳам меҳнат миграциясини кенгайтириш ва ўқитиш харажатларини қоплаш режалари айтилган эди. Қайд этилишича, ҳозирнинг ўзидаёқ хорижий иш берувчилар томонидан 100 мингдан ортиқ мутахассисга талаб бор.
