ЖАННАТ ХАЗИНАСИ ВА ЕТМИШ ДАРДГА ДАВО

ЖАННАТ ХАЗИНАСИ ВА ЕТМИШ ДАРДГА ДАВО

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин кишининг тилидан тушмайдиган, оғирини енгил қиладиган энг улуғ калималардан бири — «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»дир. Илм аҳли бу калимани қисқа қилиб «ҳавқала» деб аташади.

Бу калиманинг маъноси нима?

Имом Нававий ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шарҳларига кўра, бу зикрнинг маъноси шундай:

«Аллоҳнинг сақлашисиз гуноҳлардан бурилишга чора йўқ ва Унинг ёрдамисиз тоат-ибодат қилишга қувват йўқ. Барча ҳаракат ва куч-қудрат фақат Аллоҳ иладир».


Ҳадисларда келган улуғ башоратлар:

  1. Жаннат хазинаси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо розияллоҳу анҳуга: «Сени жаннат хазиналаридан бўлган бир калимага далолат қилайми?» дедилар ва ушбу зикрни ўргатдилар.

  2. Жаннат эшикларидан бири: Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу калимани жаннатнинг эшикларидан бири деб атаганлар.

  3. Гуноҳлар каффорати: Кимки ихлос билан ушбу зикрни айтса, унинг хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечирилади (Имом Термизий ривояти).

  4. Фаришталар қуввати: Бирор бир фаришта «ҳавқала»ни айтмасдан туриб ердан осмонга кўтарила олмайди.


Фақирлик ва зарардан ҳимоя

Макҳул розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Кимда-ким: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи. Ва лаа манжаа миналлоҳи иллаа илайҳи» (Аллоҳдан ўзга чора ва қувват йўқ. Аллоҳнинг жазосидан фақат Унинг ҳузурига қочибгина нажот топилади) деса, Аллоҳ ундан зарарнинг етмиш эшигини ёпади. Уларнинг энг кичиги фақирликдир».


Бу зикрни қачон айтиш мустаҳаб?

Уламоларимиз ҳадисларга таяниб, қуйидаги ҳолатларда «ҳавқала»ни кўп айтишни тавсия этадилар:

  • Азонда: Муаззин «Ҳаяя алас Солаҳ» ва «Ҳаяя алал Фалаҳ» деганда;

  • Қийин ҳолатда: Бошга мусибат ёки ташвиш тушганда;

  • Касалликда: Беморликдан нажот истаганда;

  • Уйдан чиқаётганда: Йўл давомида Аллоҳнинг паноҳида бўлиш учун;

  • Кўз тегишидан қўрққанда: Бирор нарсадан ажабланганда;

  • Намоздан сўнг: Кундалик вазифа сифатида.

Хулоса

Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, аммо дарҳол эмас. Сабр ва Аллоҳнинг қудратига таслимият керак. Ҳақиқий куч-қудрат ва муваффақият фақат Аллоҳнинг изни биландир.

«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи…»

Муаллиф: Умидахоним

Дўстларингизга ҳам юборинг: