Instagram’даги “тозалаш” машҳурларга қимматга тушди

Instagram’даги “тозалаш” машҳурларга қимматга тушди

Instagram ижтимоий тармоғида ўтказилган кенг кўламли “тозалаш” ишлари натижасида дунёнинг кўплаб машҳурлари миллионлаб обуначиларидан айрилди. Платформа ботлар, фаол бўлмаган ва шубҳали аккаунтларни ўчириб ташлаши оқибатида Криштиану Роналду ҳам 18 миллион обуначисини йўқотди.

 

Шунга қарамай, португалиялик юлдуз 666 миллион обуначи билан ҳамон дунёда биринчи ўринни сақлаб турибди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Ўзбекистон аҳолисидан (38 млн) қарийб 17,5 баравар кўпдир. Яъни, Роналдунинг обуначилари сони деярли 18 та Ўзбекистон халқини ўз ичига сиғдира олади.

 

Instagram тозалаш ишлари ҳақида расман изоҳ бермади. Бироқ бу ушбу платформада фаол бўлган кўплаб шахсларни, жумладан, Лионель Месси, АҚШ президенти Дональд Трамп, Рим папаси Франциск, шоу-бизнес вакиллари Жастин Бибер ва Кайли Женнер каби шахсларга ҳам таъсир кўрсатди.

 

Роналду ижтимоий тармоқлардаги шахсий бренди тасодифан эмас, балки 2010-йиллар бошиданоқ тизимли равишда қуриб келган. У спортчилар орасида биринчилардан бўлиб, ўз обуначиларига клуб ёки федерацияларсиз ҳам даромад келтира оладиган улкан актив сифатида қарашни бошлади. Бугун унинг аудиторияси бутун дунёни — Бразилиядан Ҳиндистонгача, Европадан араб дунёгача қамраб олган.

Маркетинг агентликларининг маълумотларига кўра, Роналдунинг саҳифасидаги битта реклама пости 3—4 миллион долларга баҳоланади. Футболчи Instagram орқали йилига 50 миллиондан 80 миллион долларгача даромад қилади. Бу сумма унинг “Ан-Насср” клубидаги йиллик маоши билан деярли тенгдир. Яъни, у бир вақтнинг ўзида ҳам майдонда, ҳам ижтимоий тармоқда профессионал бизнес юритади.

 

Маълумот ўрнида, Роналду ҳозир 41 ёшда бўлиб, жорий мавсумда 27 ўйинда майдонга тушиб, 25 та гол муаллифига айланди. 2026-йилнинг ёзида старт оладиган Жаҳон чемпионати Роналду учун олтинчиси бўлади — бу мутлоқ рекорд.

Дўстларингизга ҳам юборинг: