Samsung Дуа Липа суратидан рухсатсиз фойдаланганликда айбланмоқда

Samsung Дуа Липа суратидан рухсатсиз фойдаланганликда айбланмоқда

Дуа Липа  Samsung Electronics компаниясини судга берди. Бунга хонанданинг суратидан рухсатсиз фойдаланилгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Reuters⁠ хабар қилди.

Маълум қилинишича, хонанда компаниядан камида 15 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда. Даъво аризасида айтилишича, Samsung телевизор қутиларида Дуа Липанинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган суратидан фойдаланган. Шу орқали истеъмолчиларда хонанда мазкур маҳсулотни расман қўллаб-қувватлаётгандек тасаввур пайдо бўлган.

Гап “Dua Lipa — Backstage at Austin City Limits, 2024” номли сурат ҳақида кетмоқда. Даъвога кўра, ушбу тасвирнинг барча муаллифлик ва эгалик ҳуқуқлари шахсан Дуа Липага тегишли. Ариза 8 май куни Калифорния федерал судига топширилган.

Хонанда Samsung’ни нафақат муаллифлик ҳуқуқини, балки савдо белгиси ва реклама ҳуқуқларини бузишда ҳам айбламоқда. Адвокатлар судга ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ва постлар скриншотларини ҳам тақдим этган. Уларда айрим мухлислар телевизорни “фақат Дуа Липа сурати борлиги учун” сотиб олишини ёзгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, Дуа Липа 2025 йил июнь ойида компания унинг суратидан рухсатсиз фойдаланганини билган. Шундан кейин хонанда Samsung’dan бу ҳолатни тўхтатишни талаб қилган. Бироқ адвокатлар сўзларига кўра, компания бу талабни бир неча бор рад этган.

Samsung Electronics вакиллари эса ҳозирча суд жараёни юзасидан изоҳ бермаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: