«Блокистон» дарвозалари очиқ: Виртуал «суякхўрлар» ва «виждон посбонлари»га очиқ хат!
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда бир қизиқ «эпидемия» тарқалди: профили ёпиқ, исми номаълум, расми ўрнига гул ёки манзара қўйилган «виждон посбонлари» анча кўпайиб қолди.
Бу «номаълум қаҳрамонлар»нинг асосий вазифаси — изоҳларда менга «ватанпарварлик»дан дарс бериш, сўзларимни мазмунини буриб, мендан «хоин» ёки «миллат душмани» ясаш.
🦴 «Суяк» оқлашнинг ҳам чегараси бўлсин!
Уларга айтадиган бир гапим бор: азизлар, эгаларингиз ташлаган «суяк»ни оқлаш учун бунчалик куйиб-пишманг! Ўзингизни қийнаманг, барибир оворасиз. Сизларнинг «фикр» деб атаётган сафсаталарингиз мен учун на иқтисодий, на маънавий қийматга эга.
Мен ҳатто сизларга бирор нимани тушунтириш, ҳақиқатни кўрсатиш учун олтинга тенг асаб толаларимни сарфламасликка аҳд қилдим. Сиз учун мен «ёмон» одамманми? Марҳамат! Сиз ҳам мен учун худди шундайсиз.
🚪 Ечим битта: «Блокистон» меҳмонхонасига марҳамат!
Агар мен каби «хоин»нинг постларини кўриб қон босимингиз ошиб кетаётган бўлса, ўзингизни сиқиб юрманг. Сиз учун энг мақбул, энг тинч ва энг бепул йўл — бу «Блок!» тугмаси.
Бугундан бошлаб «Блокистон» дарвозалари сиз каби «асл қаҳрамонлар» учун доимо очиқ! Сизни ўша ерда, ўз тоифангиздаги «анонимлар» билан мазза қилиб, дам олиииииииииб ўтиришга таклиф қиламан. У ерда сизга на мен халақит бераман, на менинг фикрларим.
Хулоса ўрнида…
Ҳақиқий ватанпарварлик экран ортига яшириниб олиб лой сочиш эмас, балки юз очиқ ҳолда ҳақиқатни айта олишдир. Қолганлари эса — шунчаки шовқин.
Блокистонда кўришгунча, «жаноб анонимлар»!
