Куба АҚШнинг 100 миллион долларлик ёрдам таклифини кўриб чиқишга тайёр
Куба ҳукумати АҚШ томонидан таклиф қилинган 100 миллион долларлик гуманитар ёрдамни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.
Бу ҳақда Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Паррилья Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Куба ҳукумати самимий ва ҳақиқий ҳамкорлик мақсадида тақдим этилган хорижий ёрдамни рад этиш амалиётига эга эмас.
«Биз таклиф тафсилотларини эшитишга ва унинг қандай амалга оширилишини билишга тайёрмиз», — деди вазир.
Бруно Родригес Паррилья Куба католик черкови билан узоқ йиллик ижобий ҳамкорликка эга эканини ҳам қайд этди. У ёрдам сиёсий манипуляциялар ва Куба халқи муаммоларидан фойдаланиш воситасига айланмаслигига умид билдирди.
Вазирнинг айтишича, Вашингтон ҳозирча ёрдам пул шаклидами ёки товар кўринишидами тақдим этилиши, шунингдек, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармонга бўлган шошилинч эҳтиёжни қанчалик тез қондириши ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Куба ташқи ишлар вазирига кўра, АҚШ биринчи марта ёрдам таклифини очиқ эълон қилмоқда. Шу билан бирга, у Кубага қарши энергетика ва иқтисодий блокадани бекор қилиш Вашингтон томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган энг катта ёрдам бўлишини таъкидлади.
