ҚЎРҚУВ ҚУЛЛАРИ!
Нега инсон баъзан ақли билан тушунтиролмаган нарсани ташқи белгилардан излайди? Нима учун бир қушнинг бевақт сайраши, тунда кўрилган ваҳимали туш, кўз қовоғининг учиши ёки йўлни кесиб ўтган беозоргина қора мушук бутун кунимизни, кайфиятимизни, ҳатто режаларимизни чил-чил қилади?
Ахир биз XXI асрда яшаяпмиз-ку! Атроф тўла технология, сунъий интеллект, илм-фан, космос… Шундай шиддатли даврда ҳам нега юрагимиз барибир ўша қадимги ирим-сиримларга қулоқ тутади?
Инсон ичидаги яширин даҳшат: Номаълумликдан қўрқув!
Балки инсон фақат қуруқ ақл билан яшай олмас? Эртанги кунни била олмаслик, тақдир сирларини кўра олмаслик инсонда ички бир ваҳима уйғотади. Ана шу ноаниқлик эса бизни атрофдаги оддий тасодифлардан мажбуран маъно излашга ундайди.
Иримлар — бу шунчаки бўлмағур ишонч эмас. Бу — халқнинг асрлар давомида йиғилган қўрқувлари, умидлари ва кузатувлари акс этган руҳият ойнасидир. Бир она фарзандини ёмон кўздан асраш учун кўзмунчоқ таққан, бир йигит узоқ сафарга чиқаётиб яхшилик аломатини кутган, кексалар эса ҳаёт тасодифларини тажрибага йўйган.
Мана шу ерда ҳақиқий муаммо бошланади!
Агар ирим оддий халқона қараш бўлса, балки у безарардир. Аммо инсон бутун ҳаётини, тақдирини шу иримларга боғлаб қўйса-чи?! Қарорларини ақл ва мантиқ билан эмас, кўр-кўрона қўрқув билан қабул қилса-чи?! Шунда инсон аста-секин ўз иродасини бой бериб, иримнинг қулига айланади.
Атрофга қаранг, қанча одам:
-
“Йўлимни мушук кесди” деб, энг муҳим учрашувдан ортга қайтади;
-
“Тушим ёмон чиқди” деб, бутун кун ваҳима ва хавотирда яшайди;
-
“Фалон белги бўлди, бу шумлик аломати” деб, ўз бахтини ўз қўллари билан синдиради!
Ахир инсоннинг тақдирини аллақандай белгилар эмас, унинг шахсий танловлари белгиламайдими?!
Моҳият иримда эмас, қалбда!
Энг қизиғи, иримнинг ўзи кучли эмас, инсоннинг унга бўлган муносабати кучлидир. Агар инсон қалбида қўрқув ва шубҳа бўлса, у ҳар қандай майда-чуйда нарсадан ёмон аломат қидириб топади. Агар қалбида умид ва иймон бўлса, ҳатто энг қаттиқ ёмғирдан ҳам фақат барака кўради. Демак, ирим — ташқи воқеа эмас, ички ҳолатимизнинг кўзгудаги аксидир!
Aммо уларни бутунлай инкор қилиш ҳам тўғрими? Балки уларнинг айримлари ҳаётий тажрибадан туғилгандир? Балки аждодларимиз баъзи сирларни илм-фандан аввалроқ ҳис қилгандирлар?
Нажот қаерда?
Инсон ҳаётида ақл ва ҳис-туйғу доимо ёнма-ён юради. Фақат қуруқ ақл билан яшаган одам совуқлашади. Фақат ирим билан яшаган одам эса қўрқув занжирига банд этилади. Шунинг учун бизга мувозанат керак!
Инсон иримларга эмас, аввало ўз қалбига, виждонига қараши лозим. Чунки энг катта ва тўғри белги — инсоннинг виждону иймонидир. Агар қалб пок ва хотиржам бўлса, йўл ҳам нурли бўлади.
Ҳақиқий савол „Ирим ростми ёки ёлғон?“ деган савол эмас аслида… Ҳақиқий савол: „Нега инсон ишонишга муҳтож?“ деган сўровда яширинган. Инсон ожиз бўлгани, эртани кўра олмагани учун ҳам осмондан ишора, ҳаётдан белги, тасодифлардан маъно қидиради.
Ва эҳтимол… Иримлар — инсоннинг қўрқув билан умид ўртасида яшайдиган руҳий кўпригидир, қадрдонларим!
