“Жирона” ва “Малёрка” клублари Ла Лигани тарк этди…
Испания чемпионатининг 38-туридан ўрин олган бир қатор учрашувлар якунига етди ва мавсумнинг энг оғриқли саволларидан бирига жавоб топилди. “Жирона” ҳамда “Малёрка” келаси мавсумни Сегундада ўтказадиган бўлди.
Сўнгги тур олдидан қуйи поғоналарда вазият жуда кескин эди. Бир нечта жамоа Ла Лигада қолиш учун охирги имкониятдан фойдаланишга уринди. Аммо якуний натижалар “Жирона” ва “Малёрка” учун кутилганидек бўлмади.
“Малёрка” ўз майдонида турнир жадвалида охирги ўринда турган “Реал Овиедо”ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Мезбонлар сафида Торре, Морланес ва Мурики гол уришга муваффақ бўлди. Айниқса, Мурикининг мавсум давомидаги самарали ўйинига қарамай, жамоа элитада қолиш вазифасини бажара олмади.
Ғалаба “Малёрка”га умид бергандек туюлди, аммо бошқа учрашувлардаги натижалар клуб фойдасига ишламади. Жамоа 42 очко билан 18-ўринда қолди ва Сегундага тушиб кетди. Бу футболдаги энг аччиқ ҳолатлардан бири: сўнгги турда ғалаба қозонасан, лекин барибир қутулиб қолиш учун бу етарли бўлмайди.
“Жирона” эса ўз майдонида “Элче” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувда аввал Родригес 39-дақиқада меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим бошида Мартинес ҳисобни тенглаштирди. Аммо “Жирона”га бу дуранг етарли бўлмади. Жамоа 41 очко билан 19-ўринни эгаллаб, элита билан хайрлашди.
Шу тариқа, “Жирона” ва “Малёрка” “Реал Овиедо” билан биргаликда Ла Лигани тарк этадиган жамоалар қаторига қўшилди. “Осасуна” ва “Левенте” эса қўшимча кўрсаткичлар эвазига юқори дивизионда қолиш вазифасини уддалади. Бу икки клуб учун мавсум оғир кечган бўлса-да, якунда энг муҳим мақсад — элитада қолиш амалга ошди.
Ла Лига. 38-тур
“Жирона” — “Элче” 1:1
Голлар: Мартинес 48 — Родригес 39
“Малёрка” — “Реал Овиедо” 3:0
Голлар: Торре 42, Морланес 83, Мурики 88
