ОЧКЎЗЛИК АНАТОМИЯСИ: «Қуёш ботгунча югур, ҳаммаси сеники!»
Буюк адиб Лев Толстойнинг қаламига мансуб, аммо бугунги кунда ҳар биримизнинг ҳаётимизга кўзгу тутувчи ушбу воқеа нафс балоси инсонни қай аҳволга солишини кўрсатиб берувчи энг оғриқли ҳақиқатдир. Виждони ухлаб қолган замондошларимиз учун ушбу мақола ҳақиқий уйғониш бўлиши шубҳасиз!
Текин ер улашаётган шоҳ ва кўзи оч деҳқон
Кунлардан бир кун, бағрикенглиги билан танилган подшоҳ ҳузурига бир камбағал деҳқон келиб, тирикчилик учун ер сўрайди. Шоҳ унга ҳеч ким рад этолмайдиган, одамнинг ақлини шошириб қўядиган шундай шарт қўяди:
«Тонгда қуёш чиққанда йўлга туш. Қуёш ботгунча қанча масофани босиб ўтиб, айланиб келсанг — ўша ҳудуддаги барча ер сеники бўлади! Аммо битта темир қонун бор: қуёш уфққа ботгунга қадар йўлга чиққан нуқтангга қайтиб келишинг шарт. Улгурмасанг — қуруқ қоласан!»
Деҳқон севинганидан ичига сиғмай, тонг отиши билан йўлга отланади. Йўл-йўлакай кўзи сувли экинзорларга, серҳосил боғларга, булоқли унумдор ерларга тушади. «Ана буниси ҳам меники бўлсин, мана бу ерни ҳам ўзимники қилиб олай!» дея тўхтамасдан, нафсига қул бўлиб, олдинга қараб югураверади, югураверади…
Қуёш ботмоқда: Нафс ва Ажал тўқнашуви!
Югуриб бораётиб бир пайт ортига қараса — даҳшат! Қуёш ботиш арафасида, уфққа яқинлашиб қолган эди.
«Энди улгурмасам, бор уринишларим чиппакка чиқади, қуруқ қоламан!» деган ваҳимада ортга қараб бор кучи билан чопа бошлайди. Юраги кўкрак қафасидан чиқиб кетгудек уради, нафаси бўғзига тиқилади. Сўнгги сонияларда, ҳаллослаб, йиқила-тура марра чизиғига — эрталаб йўлга чиққан жойига етиб келади-ю… шу заҳоти тил тортмай, жон таслим қилади! Кучли толиқиш ва юрак ёрилиши уни нафсининг қурбонига айлантирган эди.
Инсонга бу дунёдан қанча ер тегади?
Ҳалиги саховатпеша подшоҳ деҳқоннинг жонсиз танасига ачиниш билан тикилади ва унга қабр қаздиради. Сўнг қўлидаги таёқ билан янги қазилган тупроқни кўрсатиб, бутун инсониятга дарс бўладиган ушбу тарихий гапни айтади:
«Инсонга бу ёруғ дунёдан тегадиган жой мана шундан иборат — узунлиги икки қулоч, кенглиги бир қарич макон! Бошқа ҳеч вақо!»
Шавкат Ўймовутли хулосаси:
Бугун ҳаммамиз ўша деҳқондек югуряпмиз. Кўпроқ мол-дунё, кўпроқ ер, каттароқ уй, қимматроқ машина деб нафасимиз ахийригача югуряпмиз. Аммо унутмайлик, югуришнинг охири — ўша деҳқонникидек бир парча тупроқ билан тугайди. Нафсни жиловлайдиган вақт келмадими, замондош?
Шавкат Ўймовутли тайёрлади.
