10 минг қадам учун пул берувчи платформа нега ишламаяпти?
Ижтимоий тармоқларда 10 минг қадам юрган фуқароларга маблағ тўлашга мўлжалланган ecofaolfuqaro.uz платформаси ишламаётгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Ekologiya qo‘mitasi расмий муносабат билдирди.
Қўмита маълумотига кўра, айни пайтда платформада техник ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар тизим фаолиятини янада такомиллаштириш ва мавжуд носозликларни бартараф этиш устида ишлаётгани айтилган.
“Техник ишлар якунланганидан кейин қўшимча ахборот берилади”, — дея таъкидланган расмий изоҳда.
Маълумот учун, мазкур платформа “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида йўлга қўйилган бўлиб, аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ва экологик маданиятни оширишга қаратилган. Шунингдек, 2026 йил давомида 10 минг қадам пиёда юриш ташаббусини қайта тиклаш ҳам президент қарори билан белгиланган.
