Неймар Бразилия терма жамоасига қайтганидан сўнг туни билан йиғлаб чиқди
Бразилия терма жамоасининг 10-рақамли юлдузи Неймар миллий жамоага қайтиши нафақат спортдаги муҳим воқеа, балки у учун чуқур шахсий ҳиссиётларга бой лаҳза бўлганини тан олди. Сан-Паулуда бўлиб ўтган тадбирда ҳужумчи Карло Анселотти бошқарувидаги Бразилия таркибидан жой олганини билгач, ўзини қандай тутганини сўзлаб берди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Неймарнинг сўзларига кўра, узоқ кутилган чақирувдан сўнг у ҳаяжонини боса олмаган ва ҳиссиётлар унга ухлашга йўл қўймаган. Футболчи яна танланганлар қаторида бўлиш учун босиб ўтган машаққатли йўли ҳақида ўйлаб, тонггача бедор бўлганини яширмади.
«Эрталабки соат 6:30 ёки 7:00 ларда ухлашга ётдим. Туни билан барча видеоларни томоша қилиб, йиғлаб чиқдим. Рафиқам ва қизларим билан бир тўшакда эдик, улар ухлаб ётишган эди, мен эса ҳар бир видеони кўриб кўз ёшларимни тия олмадим. Бу осон бўлмади», — деди Неймар Бруна Бианкарди ва фарзандлари ёнидаги ҳиссиётли тун ҳақида.
Сўнгги йиллардаги жароҳатлар ва ноаниқликлардан кейин яна бир бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконияти футболчи учун улкан аҳамиятга эга. Неймар қайтиш жараёни оғриқли бўлганини, бироқ эришилган мақсад барча қийинчиликларга арзигулигини таъкидлади.
«Бу қийин бўлди, жуда оғир эди, лекин якунда бунга арзийди. Бразилиялик эканлигимни ҳис қилиш ва ҳар бирингизнинг номингиздан Жаҳон чемпионатида қатнашиш — бу ажойиб туйғу», — дея қўшимча қилди ҳужумчи. Эндиликда у бор эътиборини жисмоний ва техник тайёргарликка қаратиб, италиялик мураббий ишончини оқлашга вада берди.
