Маош 1650 долларгача: ўзбекистонликлар круиз кемаларига ишга таклиф қилинди
Агентликнинг билдиришича, дунёдаги йирик денгиз бошқарув компанияларидан бири — V.Ships Global Recruitment Ўзбекистон фуқаролари учун круиз кемаларида ишлаш бўйича алоҳида вакансиялар эълон қилган.
Таклиф этилаётган иш ўринлари учун ойлик маош 900 доллардан 1650 долларгача этиб белгиланган. Вакансиялар орасида хизмат кўрсатиш ёрдамчиси, бар официанти, иккинчи ошпаз, ошпаз ёрдамчиси ва ошхона ходими лавозимлари мавжуд.
Компания маълумотига кўра, ходимларнинг иш самарадорлигига қараб маош ва лавозимни ошириш имконияти ҳам кўзда тутилган. Номзодлар 18–45 ёш оралиғида бўлиши, инглиз тилини камида B1 даражасида билиши керак. Европа давлатлари тилларини биладиганларга устунлик берилиши мумкин.
Қайд этилишича, ишга қабул қилинганларга турли мамлакатларга саёҳат қилиш имконияти, АҚШ ишчи визаси ҳамда Миграция агентлиги иштирокида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида ҳуқуқий ҳимоя кафолатланади.
Ишга жойлашиш учун номзодлар компания сайтида ариза қолдириши керак. Саралашдан ўтганлар билан компания вакиллари боғланади, кейинчалик иш берувчи билан суҳбат ташкил этилади. Якуний босқичда танланган номзодлар билан уч томонлама шартнома тузилиб, АҚШ ишчи визаси расмийлаштирилади.
2026 йил май ойида ўзбекистонликлар учун Германия, Саудия Арабистони ва АҚШ каби давлатлардан иш таклифлари эълон қилинган. Шунингдек, май ойи бошида Австрия қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам малакали ишчиларни жалб қилиш бўйича келишувга эришилган.
