Германияда ўзбекистонликларга ноқонуний Шенген визаси тайёрлаган гуруҳ фош этилди
Германияда Ўзбекистон фуқаролари учун ноқонуний тарзда Шенген визаларини расмийлаштириб берганликда гумон қилинаётган халқаро гуруҳга қарши йирик махсус операция ўтказилди. Бу ҳақда ДПА агентлиги Германия прокуратурасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, тергов доирасида чет элликларни ноқонуний олиб кириш, мамлакат ҳудудида ноқонуний яшашни ташкил этиш, виза олишда фирибгарлик қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолатлари ўрганилмоқда. Иш бўйича Германиянинг Ҳессен ва Қуйи Саксония федерал ерларидаги еттита манзилда тинтув ўтказилган. Операцияга қарийб 220 нафар федерал полиция ходими жалб этилган.
Прокуратура маълумотига кўра, тергов марказида асосан Ўзбекистон фуқароларидан иборат бўлган ва халқаро миқёсда фаолият юритган гуруҳ турибди. Тинтувлар давомида 12 нафар гумонланувчи аниқланган. Бундан ташқари, Германияда ноқонуний яшаб келаётган яна 9 нафар шахс ҳам текширувга олинган.
Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу схема орқали Европага иш излаб кетмоқчи бўлган ўзбекистонликларга қисқа муддатли Шенген визалари тайёрлаб берилган. Бунинг учун давлат органларига сохта маълумотлар тақдим этилган, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланилган.
Тергов материалларида қайд этилишича, Германияга кириб келган айрим шахсларга кейинчалик қалбаки Европа Иттифоқи ҳужжатлари ҳам тақдим этилган. Бу ҳужжатлар ёрдамида банк ҳисоблари очилган, мобил алоқа рақамлари фаоллаштирилган ҳамда турли давлат ва суғурта тизимларида рўйхатдан ўтиш ишлари амалга оширилган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, гуруҳ камида 76 нафар Ўзбекистон фуқароси учун ноқонуний виза расмийлаштирган бўлиши мумкин. Нархлар ҳам арзон бўлмаган: битта Шенген визаси учун 2 минг евро, авиачипта учун яна 2 минг евро, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун эса 400 евро талаб қилинган.
Тинтувлар давомида турли Европа давлатларига тегишли экани тахмин қилинаётган сохта ИД-карталар, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари, 20 дан ортиқ мобил телефон, иккита ноутбук ҳамда банк, суғурта ва рўйхатдан ўтишга оид ҳужжатлар мусодара қилинган.
Тергов 2025-йил октабр ойида Прагадан Амстердамга йўл олган халқаро автобусдаги текширувдан сўнг бошланган. Ўзбекистон фуқаросининг юклари орасидан бир нечта қалбаки Латвия шахсий гувоҳномалари ва сохта Полша ҳайдовчилик гувоҳномаси топилгач, терговчилар бутун бошли ноқонуний тармоқ изига тушган.
Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Германия прокуратураси асосий гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Европа бюрократияси баъзида ўрта аср қалъасидай мураккаб бўлади. Ана шундай вазиятларда “тез ва осон виза” ваъдаси кўпинча фирибгарлик бозорига айланиши — миграция соясида яшаётган бутун бошли яширин индустрия мавжудлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
