Африка Европа учун янги газ марказига айланиши мумкин
Нигерия, Нигер ва Жазоирни боғлайдиган улкан Транссахара газ қувури лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди. Лойиҳа Африка газини тўғридан-тўғри Шимолий Африка ва Европа бозорларига етказиб беришни назарда тутади.
Узунлиги 4 минг километрдан ортиқ бўлган қувур Нигериянинг бой газ захираларини Нигер орқали Жазоирга улайди. Кейинчалик газ Жазоирнинг мавжуд экспорт инфратузилмаси орқали Европа давлатларига етказилиши режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилса, Европа ҳар йили 30 миллиард кубометргача табиий газ қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Транссахара газ қувури Европа учун энергия манбаларини диверсификация қилишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Айниқса, сўнгги йилларда Европа давлатлари энергия таъминотини турли манбалар ҳисобига кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш хавфсизлик, молиялаштириш ва инфратузилма билан боғлиқ қатор мураккаб масалаларни ҳал қилишни талаб қилади. Қувурнинг катта қисми Саҳрои Кабир ҳудудлари орқали ўтади, бу эса қурилиш ва эксплуатация жараёнини янада қийинлаштириши мумкин.
Агар лойиҳа муваффақиятли якунланса, Африка нафақат минтақавий, балки глобал энергетика бозорида ҳам муҳим ўйинчилардан бирига айланиши мумкин.
