Европа етакчилари Украинада тинчлик учун 5 шартни эълон қилди
Лондонда бўлиб ўтган учрашувда Украина президенти Владимир Зеленский, Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Франция президенти Эммануэль Макрон Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришиш учун муҳим ҳисобланган бешта асосий шарт бўйича келишиб олди.
Учрашувда томонлар Киев ва Москва ўртасида бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай тинчлик музокараларида Европа давлатларининг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Уларга кўра, қитъа хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар Европа иштирокисиз ҳал этилмаслиги лозим.
Белгиланган биринчи шарт зудлик билан жанговар ҳаракатларни тўхтатишдан иборат. Европа етакчилари урушни тўхтатиш тинчлик сари ташланадиган энг муҳим қадам эканини қайд этди.
Иккинчи шартга мувофиқ, ҳозирги фронт чизиғи эҳтимолий тинчлик музокаралари учун бошланғич нуқта сифатида қабул қилиниши мумкин. Бу эса томонларга музокараларни амалий асосда бошлаш имконини беради.
Учинчи шарт Украина учун ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий бўлган хавфсизлик кафолатларини назарда тутади. Учрашув иштирокчилари ўт очишни тўхтатиш режими кучга киргач, Киевга келажакдаги эҳтимолий таҳдидлардан ҳимояланиш имконини берувчи кафолатлар тақдим этилиши зарурлигини таъкидлади.
Тўртинчи шарт Россиянинг хорижда музлатилган активларига тааллуқли. Унга кўра, Москва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиб, уруш оқибатида етказилган зарарни қопламагунича мазкур активлар сақланиб қолади.
Бешинчи шарт эса ҳар қандай тинчлик келишуви нафақат Украина, балки бутун Европа хавфсизлиги манфаатларини ҳам ҳимоя қилиши кераклигини назарда тутади.
Европа етакчилари мазкур тамойиллар Украинада узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлаш йўлида муҳим асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.
