Франция ва Германия қўшма қирувчи самолёт лойиҳасидан воз кечмоқчи

Франция ва Германия қўшма қирувчи самолёт лойиҳасидан воз кечмоқчи

Фридрих Мерц ва Эммануэль Макрон Европа давлатлари учун мўлжалланган олтинчи авлод қирувчи самолётни биргаликда ишлаб чиқиш лойиҳаси бўйича шартномани имзолай олмаслик ҳақида келишиб олгани хабар қилинди.

Reuters ва AFP манбаларига кўра, натижада Future Combat Air System (FCAS) деб номланган лойиҳа тўхтатилиши мумкин.

FCAS дастури Франция, Германия ва Испания иштирокида 2040 йилга қадар янги авлод қирувчи самолёт яратишни мақсад қилган эди. Лойиҳа доирасида асосий ишларни Dassault Aviation ва Airbus амалга ошираётган эди.

Бироқ 2025 йилдан бери компаниялар ўртасида техник ва саноат ҳамкорлиги бўйича келишмовчиликлар кучайгани ҳақида бир неча бор хабар берилган. Dassault раҳбарияти Airbus билан ҳамкорлик бузилса, бутун лойиҳа амал қилмаслиги мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

Financial Times маълумотларига кўра, томонлар тўлиқ тўхтатиш ўрнига бошқа йўналишга ўтишни ҳам кўриб чиқмоқда — яъни қирувчи самолётларни сенсорлар, радарлар, дронлар ва бошқа бошқарув тизимлари билан боғлайдиган «булутли» жанг майдони инфратузилмасини ривожлантириш.

Агар қарор расман тасдиқланса, бу Европа мудофаа саноатидаги энг йирик қўшма авиация лойиҳаларидан бирининг тўхташи бўлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: