Битирувчилар бандлигини таъминлашда янги механизмлар ишга туширилади

Битирувчилар бандлигини таъминлашда янги механизмлар ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш юзасидан тақдимот билан танишди.

2026 йилда республика олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битириши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами сезиларли кенгайгани туфайли меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчилар сони ҳам ортиб бормоқда.

Уларнинг бандлигини таъминлашда битирувчилар билан индивидуал ишлаш, уларни иқтисодиёт тармоқларидаги бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, олийгоҳларда карьера марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Битирувчиларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини имтиёзли шартларда молиялаштириш бўйича «Келажакка қадам» дастури йўлга қўйилган бўлиб, унинг доирасида 2025 йилда 6 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 378 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бунинг натижасида 8 минг нафарга яқин битирувчиларнинг бандлиги таъминланди.

Тақдимотда 2026 йилда 8 мингдан зиёд лойиҳаларни молиялаштириш учун 500 миллиард сўм маблағ йўналтириш, 10 мингга яқин ёшларни банд қилиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Мазкур дастурни унда иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларига қўшимча молиявий имкониятлар тақдим этиш орқали янада кенгайтириш таклиф этилди.

Шунингдек,«TalabaExpo-2026» касб кўргазмаларини иш берувчи ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этган ҳолда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам самарали ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Битирувчилар бандлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, йирик хўжалик бирлашмалари масъулиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Барча жараёнлар бандликка кўмаклашувчи «career.edu.uz» платформаси орқали мониторинг қилиниб, бандликни таъминлаш масаласи маҳаллий ҳокимликлар даражасигача туширилади. Натижада битирувчилар билан ишлашнинг вертикал тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, талабаларни иш билан банд қилишда олийгоҳ даражасида ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Жумладан, барча олийгоҳларда карьера марказлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, натижадорлигига қараб рағбатлантириб борилади. Марказлар фаолияти “Битирувчи сифати индекси” орқали баҳоланиб, энг юқори натижа кўрсатган 20 та олийгоҳнинг карьера марказларига 500 миллион сўмдан ажратилади.

Жорий йилда олийгоҳ миқёсида 360 та, факультетлар миқёсида 750 та меҳнат ярмаркалари ҳамда ҳар бир йўналиш кесимида мингдан ортиқ иш берувчилар билан учрашувлар (воркшоплар) ташкил этилади.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни бизнес юритиш учун мавжуд имкониятлар билан таништириш мақсадида барча олийгоҳларда «Тадбиркорлик асослари» фанини ўқитиш йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, олийгоҳларда талабаларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ташкил этиладиган спин-офф корхоналарига талабаларни жалб этиш, кафедраларнинг тегишли тармоқ корхоналарида филиалларини очиш, битирув лойиҳалари ҳимоясини иш берувчи корхоналарда ўтказишни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди.

Аниқ буюртма, мослашувчан дастурлар асосида кадрлар тайёрлашга қаратилган мақсадли дуал таълим шаклини ҳам йўлга қўйиш ташаббуси билдирилди.

Бунда талабгорларни дастурга қабул қилиш, тўлов-контракт миқдорини белгилаш иш берувчи ҳамда олийгоҳ ўртасида ўзаро келишувга кўра амалга оширилиб, буюртмачи талаба ўқишни тамомлаганидан сўнг уни иш билан таъминлашга кафолат беради.

Таклиф қилинган чора-тадбирлар ижросини сифатли ташкил этишда олийгоҳлар раҳбариятининг масъулиятини ошириш, уларнинг «KPI» кўрсаткичларида битирувчи бандлигининг таъминланганини асосий мезон сифатида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Президентимиз мутасаддиларга битирувчилар билан ишлашни самарали ташкил этиш, билдирилган ташаббусларни пухта ишлаб чиқиш, қўшимча иш ўринларини яратишда барча имкониятларни сафарбар этиш юзасидан топшириқлар берди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: