Бугун футбол бўйича Жаҳон чемпионати старт олади
Бугун, 11 июнь куни футбол бўйича Жаҳон чемпионати старт олади. Турнирнинг очилиш учрашуви Мехико шаҳридаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 23:50 да бошланади.
Очилув ўйинида мезбон Мексика терма жамоаси Жанубий Африка терма жамоасига қарши майдонга тушади. Шу билан “Ацтека” стадиони тарихда учинчи марта Жаҳон чемпионати очилиш учрашувига мезбонлик қилади.
Маросимда Шакира ва Бурна Бой 2026 йилги мундиалнинг расмий қўшиғи “Даи Даи”ни ижро этади. Шоуда Ж. Балвин ва Тула ҳам иштирок этади.
2026 йилги мундиал тарихдаги энг йирик Жаҳон чемпионати бўлади: 48 та жамоа қатнашади, 104 та учрашув ўтказилади. Финал 19 июль куни Нью-Жерсидаги “МетЛайф” стадионида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳам илк бор мундиалда иштирок этади. Улар “К” гуруҳида Колумбия, Португалия ва Конго ДР билан ўйнайди. Илк учрашув 18 июнь куни Мехикода Тошкент вақти билан 07:00 да старт олади.
