Эронда оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросими 4 июль куни бошланади

Эронда оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросими 4 июль куни бошланади

Эроннинг собиқ Олий раҳбари Али Хоманаий билан хайрлашув маросими 4 июль куни Теҳрон шаҳрида бошланади.

Маълум қилинишича, оятуллоҳ 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига берган илк ҳаво зарбалари пайтида ҳалок бўлган.

Хабарда қайд этилишича, дафн маросими доирасида Али Хоманаийнинг рафиқаси, келини, куёви ва набираси билан ҳам хайрлашув тадбирлари ўтказилади. Ҳужум вақтида оятуллоҳ билан бирга унинг бир қатор яқин қариндошлари ҳам ҳалок бўлган.

Пойтахт Теҳрондаги хайрлашув маросимлари 6 июльга қадар давом этади. Шундан сўнг, 7 июль куни шиаларнинг муқаддас шаҳарларидан бири Қум шаҳрида навбатдаги маросим ўтказилади.

9 июль куни эса оятуллоҳнинг туғилган шаҳри — Машҳадда якуний дафн маросими бўлиб ўтади. У Имом Ризо мақбараси мажмуаси ҳудудига дафн этилиши режалаштирилган.

Эрон ҳукумати баёнотида:

«Дунёнинг озодликсевар инсонлари, ислом таълимоти тарафдорлари ва Эронни қадрлайдиган барча кишилар ушбу мотам маросимларида иштирок этишга ва марҳум раҳбар билан хайрлашишга таклиф этилади», — дейилган.

Аввалроқ дафн маросими 4 март кунига белгиланган эди. Бироқ Эрон расмийлари уни кейинроқ муддатга қолдирган. Бу қарор марҳум раҳбарга эҳтиром бажо келтиришни истаганлар сони кутилганидан анча кўп бўлиши мумкинлиги билан изоҳланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: