Трампнинг Оқ уйдаги улкан лойиҳаси: бир йилда қиймати ҳам, кўлами ҳам икки баравар ошди
АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган янги Оқ уй бал зали лойиҳаси бир йил ичида сезиларли даражада кенгайди. Дастлаб тантанали қабуллар учун мўлжалланган иншоот сифатида тақдим этилган лойиҳага энди дронлар учун том платформаси, ер ости шифохонаси ва ўта махфий ҳарбий хоналар ҳам қўшилган.
Натижада қурилишнинг тахминий қиймати ҳам кескин ошиб, 200 миллион доллардан 400 миллион долларгача етган.
Трамп аввалроқ мазкур қурилиш америкалик солиқ тўловчилар учун бир цент ҳам харажат талаб қилмаслигини айтган эди. Бироқ республикачи қонун чиқарувчилар Конгрессга мажмуа хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча маблағ ажратиш таклифларини киритган.
Бу ташаббус АҚШда яшаш харажатлари ошиб бораётган ва Эрон билан зиддият иқтисодий босимни кучайтирган бир пайтда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Лойиҳа қандай бошланган эди?
Ўтган йилнинг 6 июнь куни Трамп ўзининг Truth Social тармоғида янги бал зали қурилиши режалаштирилган ҳудудни кўздан кечирганини маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, янги зал Оқ уйнинг тарихий меъморий қиёфасига тўлиқ мос келади ва давлат ташрифлари ҳамда йирик расмий тадбирлар учун хизмат қилади.
Орадан бир ой ўтиб, маъмурият Шарқий қанот ўрнида янги «Оқ уй давлат бал зали» қурилишини расман эълон қилди.
Янги зал қандай бўлади?
Лойиҳага кўра:
▪️ майдони 90 минг квадрат фут (тахминан 8 400 квадрат метр) бўлади;
▪️ бир вақтнинг ўзида 650 нафар меҳмонни қабул қила олади;
▪️ бу ҳозирги Оқ уйдаги 200 кишига мўлжалланган Шарқий залдан уч баравардан ортиқ катта бўлади;
▪️ ташқи кўриниши ва архитектураси тарихий Оқ уй услубига мослаштирилади.
Трамп кейинчалик мазкур объектни нафақат маросимлар учун, балки «миллий хавфсизлик учун ҳам муҳим» иншоот сифатида таърифлаган.
BBC Verify таҳлилига кўра, мазкур қурилиш сўнгги ўн йилликлардаги Оқ уй тарихидаги энг йирик реконструкция ва кенгайтириш лойиҳаларидан бири ҳисобланади.
