Россия Украинага қарши урушга ҳар куни қарийб 700 млн доллар сарфлаяпти
Бу ҳақда Германиянинг Халқаро хавфсизлик муаммолари институти илмий ходими Янис Клюге томонидан олиб борилган тадқиқот хулосасида сўз боради. Олимга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Россиянинг ҳарбий харажатлари 5 триллион 908 миллиард рублга (тахминан 65 миллиард доллар) етган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,9 фоизга, 2024-йилнинг биринчи чорагига нисбатан эса 68,7 фоизга кўпдир. 2023-йил билан солиштирганда ҳарбий харажатлар 129 фоизга ошган, 2022-йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан эса фарқ янада каттароқ — 4,6 баробар.
Қайд этилишича, Россия бюджетида ҳарбий харажатлар улуши рекорд даражада ўсиб, илк бор 46 фоизга етган. Клюге шундан келиб чиқиб ҳар иккинчи рубл Украинага қарши урушни молиялаштириш учун сарфланаётганини, бу соатига тахминан 30 миллион доллардан тўғри келаётганини таъкидлаган.
Ҳарбий харажатларнинг асосий ўсиши Россия бюджетининг ёпиқ ёки махфий бандлари ҳисобига тўғри келган. Чорак якунига кўра, махфий харажатлар ҳажми 3,4 триллион рублдан (тахминан 38 миллиард доллар) 4,9 триллион рублгача (тахминан 54 миллиард доллар) ошган. Таҳлилчининг фикрича, 2026 йил якунига бориб Россиянинг ҳарбий харажатлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 9–10 фоизигача чиқиши мумкин. Бу эса бюджет тақчиллигини оширади.
Клюгенинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланган 2022 йилдан бери россияликлар ҳарбий ҳаракатларни молиялаштириш учун қарийб 54 триллион рубл (тахминан 746,6 миллиард доллар) сарфлаган.
