«Apple» маҳсулотлари қимматлашиши мумкин

«Apple» маҳсулотлари қимматлашиши мумкин

«Apple» компанияси маҳсулотлари яқин вақтларда қимматлашиши мумкин. Бу ҳақда компания бош директори Тим Кук «The Wall Street Journal» нашрига берган интервюсида маълум қилди.

 

Унинг сўзларига кўра, хотира ва маълумот сақлаш микрочиплари нархининг кескин ошиб кетиши компания харажатларини сезиларли даражада кўпайтирмоқда. Айниқса, сунъий интеллект технологияларига бўлган талабнинг жадал ўсиши натижасида дата-марказлар учун зарур бўлган микрочипларга эҳтиёж ортган.

 

«Афсуски, нархларни оширишдан қочиб бўлмайди. Биз мижозларимизни бу босимдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик, аммо вазият барқарор бўлмай қолди», деди Тим Кук.

 

Компания раҳбарининг таъкидлашича, айниқса DRAM туридаги тезкор хотира бозорида жиддий босим кузатилмоқда. Ишлаб чиқарувчиларнинг катта қисми сунъий интеллект серверларида қўлланиладиган юқори тезликдаги хотираларни етказиб беришга ўтмоқда.

 

Натижада смартфон, планшет ва компютерлар учун мўлжалланган хотира компонентлари таклифи қисқариб, нархлар ошмоқда. Кукнинг айтишича, истеъмолчилар янги қурилмаларга талабни сақлаб қолаётган бир вақтда чип ишлаб чиқарувчилар катта нарх оширишларини жорий қилмоқда.

 

Тим Кук ҳозирча нархлар қачон ва қанчага оширилиши ҳақида аниқ маълумот бермади. Шунингдек, қайси маҳсулотлар қимматлашиши ҳам очиқланмаган.

 

Маълумот ўрнида, «Apple» сентябр ойида биринчи букланувчи iPhone модели ҳамда «iPhone 18 Pro» ва «iPhone 18 Pro Max» қурилмаларини тақдим этиши кутилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: