“Андижон полькаси” тадбирига кетаётган ўқувчилар ЙТҲга учради, бир бола вафот этди
Андижон вилоятининг Асака туманида мактаб ўқувчилари иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Фожиа оқибатида бир нафар ўқувчи вафот этган.
Ижтимоий тармоқларда 14-мактаб ўқувчилари “Андижон полькаси” тадбиридан қайтаётган вақтида ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса 23 июнь куни содир бўлган. Асака тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан Андижон шаҳрида ўтказиладиган тадбирга қатнашувчи ўқувчилар учун махсус автобус ажратилган. Бироқ бир гуруҳ ўқувчилар белгиланган транспортдан фойдаланмай, ўзбошимчалик билан Damas русумли автомобилда йўлга чиққан.
Йўл давомида Damas автомобили ZIL юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида ўқувчилар турли тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Шифокорларнинг кўрсатган тиббий ёрдамига қарамай, улардан бирининг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Расмий маълумотга кўра, қолган ўқувчиларнинг аҳволи қониқарли бўлиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
