Стармер болаларни мажбурий фарзандликка бериш амалиёти учун узр сўради
«Бу — бизнинг шармандачилигимиз»: Британия бош вазири оналардан болаларни мажбуран олиб қўйиш амалиётини мамлакат тарихидаги «қора доғ» деб атади.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Англияда болаларни мажбурий фарзандликка бериш амалиёти учун расман узр сўраб, уни «мамлакат тарихидаги қора доғ» деб баҳолади.
«Бу — бизнинг шармандачилигимиз. […] Бутун мамлакат номидан бу ҳолатдан жабр кўрган ҳар бир инсондан чин дилдан узр сўрайман. Болалар ўз оилаларидан ажратилиб, уларнинг шахсияти ва ўз тарихи билан боғлиқлиги йўқ қилинган», — деди Стармер.
Гап 1949–1976 йиллар оралиғидаги давр ҳақида кетмоқда. Расмий маълумотларга кўра, шу вақт мобайнида тахминан 185 минг нафар она, бола ва уларнинг оилалари шундай тизимдан жабр кўрган. Бу амалиёт доирасида аёллар кўп ҳолларда ҳақиқий танлов имкониятидан маҳрум қилиниб, фарзандларини фарзандликка беришга мажбур қилинган.
Парламентда сўзга чиққан Стармер давлат минглаб оилаларни ҳимоя қила олмаганини тан олди. Унинг таъкидлашича, ўша даврда кўплаб аёллар босим, таҳқир ва жамиятнинг тамғалашига дуч келган. Бу қарорларнинг оқибатлари ҳозиргача сезилиб турибди ва айрим ҳолларда бир неча авлодга таъсир кўрсатган.
Шу билан бирга, Британия ҳукумати жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун 4 миллион фунт стерлинг ажратилишини маълум қилди. Мазкур маблағ архив маълумотларини излаш, оилавий алоқаларни тиклаш ҳамда ушбу амалиёт оқибатларини ҳужжатлаштириш ишларига йўналтирилади.
