НАТО саммити олдидан асосий интрига: Трамп, Украина ва мудофаа харажатлари
7–8 июль кунлари Анқарада бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида барча тайёргарлик ишлари якунланди. Туркия пойтахтида хавфсизлик чоралари кучайтирилди, минглаб делегатлар ва меҳмонлар қабул қилинмоқда. Таҳлилчиларга кўра, тадбир Анқара иқтисодиётига 200 миллион доллардан ортиқ даромад келтириши мумкин.
Саммитнинг асосий мавзулари НАТО мамлакатларининг мудофаа харажатларини ошириш, Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш ҳамда альянснинг келгуси стратегиясини белгилашдан иборат бўлади.
Айни пайтда АҚШ президенти Дональд Трампнинг позицияси саммитдаги энг катта ноаниқлик сифатида баҳоланмоқда. У сўнгги пайтларда Европа иттифоқчиларини НАТО доирасида етарлича масъулиятни зиммасига олмаётганликда танқид қилиб келмоқда.
НАТО бош котиби Марк Рютте эса альянсни янги шароитларга мослаштириш зарурлигини таъкидлаб, шартли равишда «НАТО 3.0» концепциясини илгари сурди. Унинг фикрича, Европа мамлакатлари умумий мудофаа тизимида каттароқ масъулиятни ўз зиммасига олиши, АҚШ эса анъанавий ва ядровий тийиб туриш вазифасини сақлаб қолиши лозим.
Саммит кун тартибидаги яна бир муҳим масала — Украинага кўрсатиладиган ёрдам. Лойиҳага кўра, НАТО давлатлари 2026 йилда 70 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиши ва 2027 йилда ҳам камида шу даражадаги молиялаштиришни сақлаб қолиши режалаштирилган.
Бироқ бу масала бўйича ягона позиция шаклланмаган. Хусусан, Словакия Бош вазири Роберт Фицо ўз мамлакати Украинадаги урушни молиялаштириш учун қўшимча маблағ ажратмаслигини маълум қилди.
Шу билан бирга, АҚШ НАТО мамлакатларидан мудофаа харажатларини янада ошириш бўйича аниқ ҳисоботлар кутаётганини билдирди. Аввалроқ альянс давлатлари 2035 йилга қадар мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача етказиш мақсадини қўллаб-қувватлаган эди.
Reuters маълумотига кўра, саммит якуний декларациясида Россия Евроатлантика хавфсизлиги учун узоқ муддатли таҳдид сифатида баҳоланиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан таҳлилчилар Анқара саммитини НАТОнинг келгуси сиёсати ва трансатлантик муносабатлар учун муҳим босқич сифатида баҳоламоқда.
